ТАБИИЙ ФАНЛАР ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига асосан республикамизнинг барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йилининг ҳар ойи маълум фанлар ойлиги сифатида белгиланган. Фан ойликларини ўтказишда умумий ўрта таълим мактабларини тўла қамраб олиш, ўқитувчиларнинг ижодий фаоллигини ошириш, истеъдодли, ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш, уларнинг тажрибаларини оммалаштириш ва тарғиб этиш, таълим сифатини ошириш ҳамда таълим жараёнида қўлланилаётган услубларни такомиллаштириш назарда тутилган.
30 январь куни табиий фанлар ойлиги муносабати билан 30-сонли умумий ўрта таълим мактабида физика фани ўқитувчиси Адолат Машарипова ўзи таълим бераётган 3 та 7 синфлар ўқувчилари ўртасида беллашув ўтказди. Унда ўқувчилар бутун оламни англашга хизмат қилувчи физика фанидан олган билимларини намойиш этдилар.
Беллашув 5 та шарт асосида, назарий билимлар ҳамда амалий машқлар бўйича ўтказилди. Унда учта синфлар ўқувчилари ҳам берилган саволларга пухта ва аниқ жавоб беришга, ғолиб бўлишга интилдилар. Ўқувчиларнинг билимларини табиий фанлар ўқувчиларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари одилона баҳолаб бордилар ва беллашув сўнгида 7 в синф ўқувчиларини ғолиб деб эълон қилдилар.
Мактабларда ўқитиладиган умумий таълим фанларининг ҳар бирининг ўзига хос ўрни бор. Бироқ табиий фанларнинг бири – кимё фани бироз мураккаброқдай туюлса-да ўқитувчи маҳорати туфайли ўқувчиларига фан асосларини пухта ўргата олади, ҳатто қизиқарли фанга айлантириши ҳам мумкин.
Шу куни мактабда бўлиб ўтган фан ойлигининг яна бир тадбири - “Сеҳрли кимё” бунга мисол бўла олади.
Мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Бахтиёр Қурбонбоев дарс бераётган 8 синфлар ўқувчилари ижросида бажарилган лаборатория машғулотлари ўқувчиларгагина эмас, ўқитувчиларга ҳам жуда қизиқарли бўлди.
Фанни чуқур ўзлаштиришга интилаётган ўқувчиларнинг бажараётган лаборатория ишларини Бахтиёр Қурбонбоев шарҳлаб борди.
Айтайлик ҳаётда бирон кийимимизга, ё хонадонимизга тўшалган гиламларимизга йод ёки зелёнка тўкилиб кетди. Шундай вақтда энди бундан ҳосил бўлган доғни кетказишнинг иложи бўлмаса, албатта азият чеккан бўлар эдик. Кимё фанини яхши ўқиган ўқувчи бундай рангли доғни қандай кетказиш йўлини билади. Анор суви дармон бахш этувчи, шифобахш хусусиятлари билан бирга индикаторлик вазифасини ҳам бажара олади. Буларни ўқувчилар “Сеҳрли кимё” тадбири давомида лаборатория машғулотларида амалда кўрсатиб беришди.
Мактабда ойлик доирасида ўтказилган иккала тадбир ҳам барча ўқувчиларда улкан қизиқиш уйғотди. Тадбирлар мактаб ўқитувчиларининг касб маҳоратини, ўз дарсларини ўқувчиларга қай даражада етказа олаётганингина эмас, ўқувчиларнинг фанларни қандай ўзлаштираётганини ҳам кўрсатиб берди. Чунки ўқитувчи меҳнати самараси ўқувчилар эгаллаган билим даражасида акс этади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶