Овулга кўрк бўлган коллеж
Истиқлол йилларида бизнинг Хитой овулимиз янада чирой очди. Кўчалар обод, фуқароларнинг турмуш тарзи кун сайин ўсиб, янгидан-янги иморатлар, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошламоқда. Бунинг барчаси бу ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг ҳаётга ва ўз келажакларига энди бошқача кўз билан қарай бошлаганликларидан далолат бериб турибди.
Ўтган 2013 йилнинг февраль ойидан бошлаб овулнинг қоқ марказида янги бино қурилиши бошланди. Бу иншоот Амударё транспорт касб-ҳунар коллежи биноси эди. "Қурилиш хизмат” МЧЖ томонидан юқори суръатларда олиб борилган меҳнатлар натижасида қисқа фурсат ичида барпо этилган коллеж сентябрь ойида иш фаолиятини бошлаб, ҳудуддаги тўққизта умумтаълим мактаблари битирувчиларидан 213 нафар йигит-қизни ўз бағрига олди. Жорий йилда ўқувчилар беш хил таълим йўналиши бўйича таълим олмоқдалар. Уларга йигирма бир нафар олий маълумотли мутахассис ўқитувчилар таълим-тарбия бериб, илм-ҳунар сирларини ўргатмоқдалар.
Муҳтарам Президентимиз И.А.Каримов кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Ўрта асрлар шарқ алломалари тарихий меросини ўрганиш бўйича ўтказилган халқаро илмий анжуманда таъкидлаганларидек "бугунги кунда юртимиздаги овул ва қишлоқларда энг ҳашаматли ва энг маҳобатли бинолар касб-ҳунар коллежлари бинолари бўлиб, жамики ҳудудларга кўрк бағишлаб турибди”. Зеро, шу ўринда Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг "Агар бизнинг қудратимизга шак келтирсанг, келиб биз қурган иморатларга боқ” деган сўзларини келтириб ўтиш жоиз. Бугунги кунда овулдаги энг кўркам иморатга айланган коллежимизда ёш-авлоднинг билим олиб, ҳунар ўрганишлари учун барча шароитлар ва имкониятлар яратилган. Коллежда ташкил этилган тўртта кафедрада фаолият юритаётган олий маълумотли педагоглар ўзларида бор билим ва тажрибаларни ишга солиб, ўқувчи-ёшларга таълим, касб-ҳунар сирларини ўргатмоқдалар. Фан хоналари, ишлаб чиқариш устахонаси, барча жиҳатлари билан жаҳон миқёси талабларига жавоб берувчи спорт зали ҳар куни, эртадан кечгача ёшлар ихтиёрига берилган. Ўқувчилар белгиланган дарс машғулотларини ўтиб бўлгандан сўнг ўн иккита фан ва олтита спорт тўгаракларида ўз билим ва маҳоратларини ошириш имкониятларидан унумли фойдаланмоқдалар. "Инглиз тили”, "Ораста қизлар”, "Муай-тай” тўгараги нафақат коллежимиз ўқувчиларини, балки ҳудудда жойлашган умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшларини ҳам ўзига жалб этди ва натижада тил ўрганаман, ораста бўламан, спорт билан шуғулланиб, юксак чўққиларни эгаллайман деган ёшларнинг сафи тобора кўпайиб бормоқда.
"Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши ташаббуси ва раҳбарлигида турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларида коллежимиз ёшлари мунтазам иштирок қилиб, муносиб ўринларга эга бўлмоқдалар.
Азалдан меҳнаткаш, кўнгли очиқ, меҳмондўст бўлган Хитой овули аҳолиси коллеж фаолиятига яқиндан ёрдам бериб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ўз фарзандлари билан баб-баравар қатнашмоқдалар. Айни кунларда эса ўқув масканимиз атрофини янада ободонлаштириш, Мустақилликнинг 23 йиллик қутлуғ санасига овулимизни бундан ҳам гўзал ва обод манзилга айлантириш мақсадида ўқувчи-ёшлар ва овулимиз аҳли фидойилик билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, "Обод манзилларда соғлом авлод дунёга келади”, деб бежиз айтилмаган. Бу элдан етишиб чиққан олим ва алломаларни бутун дунё аҳли таниши ҳеч кимга сир эмас. Буюк физик олим Эйнштейннинг: "Дунёни ҳеч қандай ёвуз куч, ҳеч қандай қурол-яроқ йўқотолмайди, лекин сенинг бепарволигинг йўқотиши мумкин”, деган ҳикматли сўзларига амал қилган бу юртнинг фидойи халқи ҳеч қачон ўз фарзандларининг тақдирига бефарқ бўлмаган. Ҳар доим юқори марраларни кўзлайдиган бободеҳқонларимизнинг фарзандларини тарбиялаб, уларга касб-ҳунар сирларини ўргатишни биз таълим соҳаси ходимлари ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз, ёш авлодни тарбиялашдек шарафли касб эгаси бўлганимиздан ҳамиша фахрланиб яшаймиз. Шу ўринда устоз-мураббий Турсунбой Абдуллаев қаламига мансуб қуйидаги мисраларни фикрим якунида келтириб ўтишни лозим топдим:
Достонга арзигулик фазилатга бой,
Қадимий, навқирон қишлоғим Хитой.
Бир ёни Хоразм, Манғит ораси,
Ер-суви покиза, элнинг сараси.
Ўртада ҳайқириб оқар Қоракўз,
Кўп эрур у ҳақда ривоят ҳам сўз.
Яшнайвер, кундан-кун очиб кўрк-чирой,
Қадимий навқирон қишлоғим Хитой.
Баҳодир Шомуродов,
Амударё транспорт касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари.
(Суратда: Амударё мелиорация касб-ҳунар коллежи (иллюстрация учун)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶