ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Шу йил 8 апрель куни туманимиздаги 56-сонли мактабда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда туман прокурори Жавлонбек Мутфуллаев, Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Султонмурод Давлетмуродов, Адлия бўлими бош маслаҳатчиси Жамшид Бекимбетов, Фуқаролик суди раиси Қайрулла Атамурадов, "Мадад" ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Нилуфар Жуманиёзова, Халқ талими бўлими ҳуқуқшуноси Бахром Собировлар иштирок этдилар.
Суд-ҳуқуқ соҳаси масъуллари тадбирда ўқувчиларга Конституциянинг жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эгалиги, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг Конституциялари бўйича батафсил маълумотлар берди. Дастлаб, туман Адлия бўлими бош маслаҳатчиси Жамшид Бекимбетов сўзга чиқиб, ўқувчиларга Конституциянинг қабул қилиниш тарихи ҳақида маълумотлар бериб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси Олий Кенгаши томонидан 1993 йил 9 апрелда қабул қилинганини, ушбу Конституцияда Қорақалпоғистон Республикаси халқи инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилинганини айтиб ўтди. Ундан ташқари, Конституцияни қабул қилишдан ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда, Қорақалпоғистон давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилгани, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш каби мақсадлар кўзланганига кенг тўхталди.
Туман прокурори Жавлонбек Мутфуллаев ҳам тадбирда сўзга чиқиб, ёшларга ҳуқуқбузарликлар профилактикасидан кўзланган мақсадларни тушунтириб берди. Ўқувчиларни ижтимой тармоқларга беҳуда кирмасликка чақирди.
«Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан ёшлар дафтарига кимлар киритилиши ва унга киритилганларнинг муаммолари қай тарзда ечилиши ҳақида кенг тушунча берди.
Шундан сўнг, Фуқаролик суди раиси Қайрулла Атамурадов ўқувчиларга суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, кўрилаётган суд ишлари бўйича тушунчалар бериб, очиқ судлар жараёнини кузатиш мумкинлигини, хоҳловчилар бориб, судда қатнашиш ҳуқуқига эга эканликларини маълум қилди.
Тадбир сўнггида ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди ҳамда фикрлари, таклифлари ўрганилди. Ёшларнинг келажакда ўз мақсадларига эришиши учун маслаҳат ва мотивациялар берилди.
Комронбек Камолов.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶