Хотира уйғонса...
Хотира уйғонар қора кўзларда,
Ўтли нафасларда, ширин сўзларда.
Авлодлар қонида қайта гупуриб,
Мангу яшайверар нурли изларда...
Элим, юртим, деган не жонлар ўтди,
Тинчликка кўкраги қалқонлар ўтди.
Ғарбий мозорларга ботган қуёшлар –
Ватан кўксин тилган армонлар ўтди.
Афғон қирларида сўлган лолалар –
Ҳаётда ҳақлари қолган болалар...
Шоир бўлармиди, арбоб ё олим,
Ҳамон юракларда дардли нолалар.
Кўнгил кўзгусида бир-бир уйғонар,
Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитратлар.
Ватан, деб Ватанга сингиган юрак –
Ўзлигин асраган метин қўрғонлар.
Метин қўрғонлар-ей, бири ўн саккиз,
Бирларининг ёши йигирма, шаксиз.
Бобом, отам дейми, жоним, жигарим,
Сиз Юртни асраган ёвқур юраксиз.
Миллат шаъни, дея жон берган даҳо,
Ҳар зарра тупроққа меҳри бебаҳо.
Ҳурлик туғин тутган маърифат пири –
Сиз – Алихонтўра Соғуний бобо!
Ажиб жило топиб ўзбаки ҳарф,
Ҳар тонг уйғонади Абдулла Ориф.
Ватан, деб Ватанга саждалар билан,
Она юрт мадҳига излайди таъриф.
Ҳар битта нафасда уйғонаверар,
Ҳатто Жалолиддин Мангубердилар.
Сирдарёни кечган Темур Маликнинг
Изларида Ҳурлик ва Эрк гуркирар.
Темурий ҳоқонлар изи қолган Юрт,
Улуғ салафларга она бўлган Юрт!
Янги Ўзбекистон янги авлоди,
Буюклик қасрини кўзларингга сурт!
Буюклик қасри бу – осуда Ватан,
Ҳар зарра тупроғи бебаҳо маъдан.
Мозийдан то бугун юксалаётган
Инсон қадри баланд ҳур Ўзбекистон!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶