Амударё туманида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланди
Болалар эртаги кунимиз эгаларидир. Уларни асраб-авайлаш, ҳар жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
Дунёнинг турли ҳудудларида болажонларга турлича муносабатлар ҳукмрон бўлса-да, бизнинг юртимизда дунёга келган ҳар бир ўғил-қиз чексиз меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида улғаймоқда.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилаётган турли тантаналарда ҳам юртимизда болажонларнинг эмин-эркин, яйраб-қувнаб улғайишлари учун яратилаётган шароитлар, имкониятлар тилга олинмоқда, шўх-шодон истеъдодли болажонлар ижросида театрлаштирилган байрам томошалари намойиш этилмоқда.
Сана муносабати билан Манғит шаҳридаги Маданият ва истироҳат боғида ҳам туман ҳокимлиги, Мактабгача таълим, Маданият бўлимлари ҳамкорлигида “Болаларга беринг, дунёни!” деб номланган улкан театрлаштирилган байрам дастури намойиш этилди.
Томошалар бўлиб ўтадиган Манғит Маданият ва истироҳат боғи тадбирга мос гуллар, бахтли болаликни тараннум этувчи шиорлар, бадиий безаклар билан безатилди.
Туманимизда фаолият юритаётган мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, “Баркамол авлод” болалар мактаби, мактаблар ўқувчилари байроқчалар, гуллар, ранг-баранг шарлар кўтариб кириб келишганида улар карнай-сурнай наволари билан қарши олинди.
Тадбир аввалида турли эртаклар ва мультфильмлар қаҳрамонлари сиймосидаги иқтидорли болалар байрам томошасига келганларни қутлаб, бирга рақсга тушишга чорлаши айниқса, барчага завқ улашди.
“Болаларга беринг, дунёни!”, “Болалигим-пошшолигим”, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” каби шиорлар билан, анвойи гуллар билан безатилган, асосий томошалар бўлиб ўтаётган майдончага туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, секторлар раҳбарлари – туман прокурори Жавлонбек Муфтуллаев, Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов, Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Айдос Сейитов ва туман ҳокимлиги, Мактабгача таълим тизими масъуллари ҳамроҳлигида ташриф буюрди.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев болажонларни дунёнинг 70 дан зиёд давлати қаторида Ўзбекистонда ҳам улкан шодиёна қилинаётган нуфузли байрам – 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қизғин қутлади. Султонбой Йўлдошев ўз сўзида болажонларга узоқ умр, бахт-саодат тилади, давлатимиз ва ота-оналари ғамхўрлигида юртимизга муносиб бўлиб улғайишларига умид билдирди.
Шундан сўнг яна мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ижросидаги концерт дастурига навбат берилди. Тарбиячи опалари, мусиқа устозлари кўмагида шўх қўшиқлар куйлашни, рақсга тушишни ўрганган, қўғирчоқдек ясанган болажонларнинг ширин тилда айтган қўшиқлари, завқли рақслари байрам шодлигига шодлик қўшди. Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар мактаби, туман Маданият бўлимида фаолият юритаётган рақс тўгараги аъзолари ижро этган қўшиқ, рақслар ҳам барчага манзур бўлди.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ва секторлар раҳбарлари томошага келган мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг асфальтга, қоғозга чизган расмлари билан танишиб, уларнинг иқтидорларини юксак баҳолаб, совғалар билан рағбатлантиришди.
Театрлаштирилган байрам томошалари, спортчилар чиқишлари узоқ давом этди ва болажонларга ўчмас таассуротлар бахш этди.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶