Вазир ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 9 июнь санасида туман ҳокимлигининг мажлислар залида вазир ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашувга туман ҳокими Султонбой Йўлдашев раислик қилди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Алишер Шукуров, Тошкент давлат Аграр университети Нукус филиали директори Элмурад Тўраниёзов, туман ҳокими ўринбосари Файзулла Саъдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Амударё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов, шунингдек, тумандаги корхона ташкилотлар раҳбарлари, фаол ёшлар, уюшмаган ёшлар иштирок этдилар.
Учрашув Президентимиз раҳбарлигида 2020 йилнинг 25 декабрь куни мамлакатимиз ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувда, шунингдек, жорий йилнинг 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга оид чора-тадбирларга бағишланган йиғилишларида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Қолаверса, йиғилишда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили давлат дастурида белгиланган вазифалар юзасидан туманда амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларнинг юксак марраларни эгаллашлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида тўхталиб, ёшларни ўқиб билим олишга, шижоат билан олға интилишга ҳамда Ватан хизматига ярайдиган муносиб фарзанд бўлишга даъват қилдилар. Масъуллар давлатимиз раҳбарининг “Эришган ютуқларимиз ўзимизники, биз хато ва камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф қилишга ҳаракат қилмоғимиз керак!” - деган фикрни барча ҳаётий шиор қилиб олиши кераклигини таъкидладилар.
Мутасаддилар қайд этганларидек, бугун эртамиз эгалари учун барча имкониятлар эшиклари очиқ. Жумладан, таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминланмоқда, ёшлар учун малакали тиббий хизматдан фойдаланиш шарт-шароитларини яхшиланмоқда, улар ўртасида тиббий саводхонликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ёшларга муносиб меҳнат шароитлари яратилиб, уларнинг меҳнатга оид қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайтирилмоқда. Шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор ёшлар, меҳрибонлик уйларида тарбияланган, етим болалар, боқувчини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватланмоқда.
Учрашувда туманимиз ёшлари бугунги кунда кўплаб соҳаларда эришаётган ютуқлари хусусида сўз юритиб, масъулларга ўзларини қийнаётган муаммоларни амалий жиҳатдан ҳал қилишга ёрдам сўраб мурожаат қилдилар ҳамда ўзларининг янги таклифларини билдирдилар. Хусусан, аграр соҳага қизиқиши юқори бўлган ёшларимиздан Бобур овулида яшовчи Дилшодбек Ўразимбетов боғдорчилик қилиш учун қишлоқ хўжалиги ер майдонларидан ер ажратилишида, Шахноза Кенжабоева, Гулноза Турсунбоева, Бекзод Нуриллаев, Жахонгир Машарипов, Дилнура Жумамуратова, Сафура Аллаярова, Малохат Ахмадовалар ғалладан бўшаган ер майдонидан қишлоқ хўжалиги махсулотларини экиб парвариш қилишлари учун ер майдони ажратилишида амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилдилар. Қолаверса, Қорамон маҳалласида яшовчи ёш фермер Умиджон Алламберганов қишлоқ хўжалиги ер майдонларидан самарали фойдаланиш учун ўзининг янгидан очилган ер майдонига агротехник тадбирлар ўтказиш учун субсидия жорий этиш таклифини билдирди.
Ёшлар томонидан йўлланган мурожаатлар тегишлича ижобий ҳал қилинадиган бўлди ҳамда уларнинг билдирган фикр-мулоҳазалари ва таклифлари инобатга олиниб, барча соҳаларда олиб борилаётган ишлар юзасидан берган саволларга ҳаётий мисоллар билан жавоблар келтирилди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶