Амударёлик 17 нафар битирувчи ёшлар умумтаълим мактабларини олтин ҳамда кумуш медаллар билан тамомладилар
Мамлакатимизда таълим сифатини янада ошириш, келажагимиз эгалариниг билимли, юксак салоҳиятли, комил инсон бўлиб етишишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада қатор самарали ишлар қилинмоқда.
Умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар, ижод мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини рағбатлантириш мақсадида олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби жорий этилганлиги ёшларимизнинг ўқиб, илм-олишга бўлган қизиқишларини янада рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Туманимиздаги 75-сонли мактабнинг билимга чанқоқ ўқувчилари Диана Бозорбоева ҳамда Иродахон Ражабовалар ҳам ана шундай илмга чанқоқ ёшлардан. Улар жорий ўқув йилида мактабни муваффақиятли тамомлаб, олтин медаль соҳибаси бўлдилар. Диана ҳамда Иродалар ўзларининг иқтидори, изланувчанлиги, интилувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб туради. Улар мактабда кичик синфлигиданоқ фанларни яхши ўзлаштирадиган, устозлари берган топшириқларни ортиғи билан бажарадиган, билимга чанқоқ ўқувчилар сифатида ўқитувчилар эътирофига сазовор бўлишганди.
Лавҳамиз қаҳрамонлари мактаб маъмурияти, туман Халқ таълими бўлдими томонидан ташкил этиладиган турли тадбирларда, жамоатчилик ишларида жуда фаол иштирок этиб, доимо ўзларидаги бор имконият ҳамда қобилиятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Диана Бозорбоева ҳамда Ирода Ражабовалар барча синфларни, чораклик, якуний имтиҳонларни аъло баҳоларга тамомлаб, ҳамиша барчадан олдинда бўлишга интилганликлари боис олтин медаль соҳибалари бўлдилар. Билимдон қизларнинг иккаласи ҳам кўплаб фан олимпиядалари ҳамда билимлар беллашувларида фахрли ўринларни қўлга киритиб, мактаб шарафини муносиб ҳимоя қилиб келдилар.
Айтиш керакки, oлтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чорак ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.
Туманимизда ана шундай мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомлаётган иқтидорли ўқувчи ёшларимиз талайгина. Жорий йилги ўқув йилида туман бўйича жами 17 нафар битирувчи ёшлар умумтаълим мактабларини олтин ҳамда кумуш медаллар билан тамомладилар. Шундан 9 нафари олтин медаль, 8 нафари кумуш медаллар соҳиби бўлдилар.
Туман Халқ таълими бўлимига қарашли 26-сонли мактаб битирувчиси Ҳулкарой Худойберганова ҳам аълочи, ҳам жамоатчи ўқувчилардан биридир. Мактабдаги 11 йиллик таълим олиш жараёнида Ҳулкарой фанларни яхши ўзлаштириши, билим олишга бўлган қизиқишининг юқори даражада эканлиги, жамоат ишларида фаоллиги билан доимо устозлари олқишига сазовор бўлиб келди. Жорий ўқув йилида у мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, кумуш медалга лойиқ деб топилди.
Ҳулкарой Худойберганова каби мактабни муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларнинг эришган ютуқларида уларга таълим-тарбия берган устозларнинг ўрни беқиёс, албатта. Таълим муассаларининг чуқур билим, савияга эга, юқори салоҳиятли устозлари ёш авлод эгаларига илм-фан сир-асрорларини ўргатишда бор куч ва билимини ишга солган ҳолда билим бериб келмоқдалар. Устозларидаги шижоат, ўз касбига бўлган меҳр, ўз фанининг чуқур билимдони эканлиги ёшларимизда илмни теранроқ ўрганишга иштиёқ уйғотган, десак, асло муболаға эмас. Таълим масканларидаги жонкуяр устозлар ҳам ота-она, ҳам устоз сифатида ўқувчилардаги қобилият ҳамда имкониятларни илғай олган, уларга ўз қизиқишларига кўра тўғри йўналиш бериб, доимо қўллаб-қувватлаган.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган вақт ичида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди. Ёш авлоднинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “беш муҳим ташаббус”ни жорий этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил юртбошимиз томонидан "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлиги йили" деб эълон қилиниши, юртимиз ёшларига қаратилган катта эътибор ва ишонч намунаси дейиш мумкин. Бугун ёшларимизнинг порлоқ келажаги учун ҳар соҳада кенг имкониятлар яратилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” қарори бу борадаги ишларда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
23 июнь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида билимли ва иқтидорли ёшларимизни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев туманимиздаги умумтаълим мактабларини муваффақиятли тамомлаган 17 нафар ўқувчи ёшларимизга 9 та олтин ҳамда 8 та кумуш медалларни тантанали равишда топширди.
Маросимда туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, ҳокимлик масъуллари, туман Халқ таълими бўлими ходимлари, ўқувчи ёшларимизнинг ота-оналари, таълим-тарбия берган устозлари ҳам иштирок этдилар.
Султонбой Йўлдашев ўз сўзида битирувчиларимизни олтин ҳамда кумуш медаллар соҳиби бўлганликлари билан самимий муборакбод этди. Уларга тарбия берган ота-оналари ҳамда билим берган устозларига чуқур миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, бугун мамлакатимизда ёшларимизга берилаётган имконият ҳамда шарт-шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда келгусида Ватан равнақига ҳисса қўшадиган муносиб фарзанд бўлиб етишишларига ишонч билдирди.
Маросимда таъкидланганидек, мактабни муваффақиятли туганган ўқувчиларга олтин ҳамда кумуш медалларни бериш тартиби жорий этилишидан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларни таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборатдир.
Маросимда иштирок этаётган ота-оналар, устозлар ҳам ёшларимизни табриклаб, уларнинг келажакдаги ўқиш ва ишларида зафарлар тиладилар.
Туманимизнинг фахри бўлган, умумтаълим мактабларини олтин ҳамда кумуш медаллар билан битказган ёшларимиз ўзларига билдирилган юксак эътибор ҳамда ишончни оқлаган ҳолда келгусида Ватанимиз корига ярайдиган, комил инсон бўлишларига ишонамиз ҳамда уларга янги зафарлар ҳамда муваффақиятлар тилаймиз.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶