ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
Қурбон ҳайити – хайр-саховат, меҳр-мурувват айёми, диний ва миллий, мусулмон оламининг улуғ байрамидир. Қурбон ҳайити ҳижрий-қамарий тақвимга кўра зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида нишонланади. Бу ойнинг дастлабки тўққиз кунидаги эзгу амаллар билан ўнинчи куни нишонланадиган ҳайитга алоҳида тайёргарлик кўрилади. Муқаддас динимиз таълимотига кўра, зулҳижжа киргандан сўнг инсон савобли ва эзгу ишларга кўпроқ аҳамият бериши лозим. Бу кунларда улуғ ҳаж ибодати амалга оширилади. Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва ёш авлод камоли учун дуолар қилинади.
Байрам арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2021 йилда Ўзбекистонда Қурбон ҳайити намози ўқилиши бўйича фатвоси эълон қилинди. Унга кўра бутун дунёда ҳукм сураётган коронавирус инфекцияси яна авж олаётганлиги сабабли касаллик тарқалишининг олдини олиш, эпидемиологик вазиятни юмшатиш мақсадида Қурбон ҳайити намози ўрнига уйда Зуҳо намозини ўқиш тавсия этилди.
Туманимиз аҳолиси ҳам ушбу муқаддас байрамни кўтаринки руҳ, ўзгача шукуҳ билан кутиб олмоқда. Қурбон ҳайити арафасида имом-хатиблар томонидан аҳолига имкон қадар касалликнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида қурбонлик гўшти эҳсонларини тарқатишда карантин талабларига қатъий риоя этиши, хайрия ва эҳсон тадбирларини вақтинча чеклаш кераклиги тавсия этилмоқда. Шунингдек, юртдошларимизга марҳумларнинг ҳақларига қилинадиган дуои фотиҳаларни қатъий равишда ўз хонадонларида, оила даврасида бажариши, фотиҳаларга боришдан ҳамда ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилишдан касалликнинг тарқалиш хавфи ўтгунича сақланиб туришлари кераклиги тушунтирилмоқда.
Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.
Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Юртдошларимиз ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг 3-кунига қадар давом этади.
Қурбонликни учдан бирини тарқатиш — бу моддий жиҳатдан жуда тўқ, бадавлат кимсаларга хосдир. Агар ўртаҳол, кўпчилик билан истиқомат қилинадиган оила эгаси қурбонлик қилса, у оила аъзолари билан қурбонликни истеъмол қилиши савобдир. Яъни, қурбонлик моҳиятида, аввало, оилавий байрам ётади. Айримлар қўй сўйиш деганда бирга қўшиб, худойи қилишни ҳам назарда тутишади. Бу доим ҳам тўғри эмас. Қурбонликни сўйиб, аввало, оиласини, фарзандларини, кекса ота-онасини хурсанд қилиш тўғри амалдир. Унинг бир қисмини тарқатишга келсак, бу амал закот бериш имкониятига эга бўлган инсонлар учун мустаҳаб, савоблидир.
Юртимиз бўйлаб, улуғ байрам – Қурбон ҳайити шукуҳи кезмоқда. Ушбу кунлар эзгу амаллар ва инсоний фазилатларнинг янада зиёда бўлишига, оилаларимиз тотувлиги, дастурхонларимиз тўкинлигини кўпроқ ҳис қилишга, шукрона айтишга ундайдиган савобли, файз-баракотли айёмдир. Бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, ҳайитни имкон қадар хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони Карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этган ҳолда ўтказиш тавсия этилади.
Азиз юртдошлар! Улуғдан улуғ бўлган шу муқаддас кунларда Аллоҳдан юртимизга тинчлик, халқимизга саломатлик, тумушимизга фаровонлик, файз-у барака тилайлик. Қурбон ҳайити барчангизга қутлуғ бўлсин.
Абдураҳмон Матсапоев, “Юсуф Эшон бобо” жомъе масжиди имом-хатиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶