Ғўза далаларида ҳосил тўплаш ойлиги давом этмоқда
Жорий йилги мавсум об-ҳаво анча ўзгарувчанлиги ва оқар сув танқислиги билан кечаётгани туфайли пахтакор деҳқонлар ушбу мураккаб шароитда ҳам мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун мавжуд вазиятдан келиб чиқиб иш юритмоқдалар. Пахтачиликка, айниқса, пахта уруғчилигига ихтисослашган фермер хўжаликларида агротехника тадбирларини ўз вақтида бажариш, мавжуд ресурслар, минерал ва маҳаллий ўғитлар ҳамда сувдан унумли фойдаланиш эвазига далаларда мўл ҳосил тўплашга эришилмоқда.
Туманимизнинг Намуна маҳалласи ҳудудидаги «Собир Эшчан» фермер хўжалигида асосан уруғлик пахта етиштирилади. Хўжаликнинг умумий ер майдони 206 гектардан иборат бўлиб, шундан 161 гектари экишлик майдони ҳисобланади.
Жорий йилда хўжалик деҳқонлари 80 гектар ерга ғўзанинг серҳосил «Султон» навини экишди. Мўлжал – гектаридан 40 центнердан, жами 320 тонна ҳосил олиш. Шундан 128 тоннаси уруғлик чигит учун саралаб териб олиниши кўзда тутилган.
Деярли ҳар йили пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириб келаётган фермер хўжалиги деҳқонлари бу йилги экиш-тикиш мавсуми юмушларини ҳам агротехника қоидаларига мувофиқ равишда ташкил этдилар.
Аввало, хўжалик далаларида чигит тўлиқ униб чиқишига эътибор қаратилди. 80 гектар ер 80 нафар ижарачига тенг тақсимлаб берилди. Чигит униб чиққандан сўнг, далаларнинг тупроқ шароити ва ғўза навининг хусусиятларига мувофиқ равишда яганалаш ишлари олиб борилди.
Яъни, қаторлар ораси 60 см.да экилгани учун фермер хўжалигининг тупроқ унумдорлиги юқори бўлган далаларида бир метрда 5-6 туп, ўртача ва ундан паст унумдор ерларда 6-7 ва 7-8 туп ғўза ниҳоли олишга эришилди.
Бундан ташқари, ғўзани озиқлантиришда ўғитни тупроқ қатламига чуқурроқ беришга, қолаверса, ниҳолларнинг яхши ўсиб-ривожланишини таъминлаш мақсадида ниҳолларни қўшимча равишда озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ғўза ниҳолларининг барги ва поясидан озиқланиши учун суспензия сепилди.
Зараркунанда ҳашоратларга қарши олиб борилган кураш чоралари, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, чилпиш каби агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилгани боис, айни пайтда фермер хўжалиги далаларида мўл ҳосил тўпланди. Ҳар бир туп ғўзада камида 20-30 та бўлиқ кўсаклар, яна қўшимча ҳосил нишоналари борлигининг ўзи хўжалик деҳқонларининг фидойилик билан меҳнат қилишаётганидан далолатдир.
Албатта, пахтачиликда кўзланган натижаларга эришишда техника – деҳқоннинг қўл-қанотидир. Фермер хўжалиги раиси Худойберган Собировнинг ишнинг кўзини билганлиги, қишлоқ хўжалиги соҳаси янгиликларидан доимий хабардор бўлиб туриши боис, хўжаликнинг моддий-техник базаси мустаҳкам. 2 та чопиқ тракторлари, 1 дона ер ҳайдовчи трактор, комбайн ва экскаватор деҳқонларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишга ҳамиша шай. Шунинг учун ҳам фермер хўжалигида ғалла ўрим-йиғими ва ипак қурти боқиш мавсумларида умуман муаммо бўлмайди.
Айни кунларда фермер хўжалиги далаларида ғўза парвариши билан боғлиқ, сўнгги агротехник тадбирлар, яъни ғўзага шарбат суви бериш, қониб сув ичган ғўза майдонларини бегона ўтлардан тозалаб, йиғим-терим мавсумига тайёрлаш каби ишлар давом эттирилмоқда.
Р.ЙЎЛДОШЕВА, М.ШОМУРОДОВ сурат-лаҳваси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶