ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИ МАҲАЛЛА ФАОЛЛАРИ ИШТИРОКИДА МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
Йўл қоидаси – умр фойдаси, деб бекорга айтилмаган. Ҳақиқатан ҳам йўлларда юриш, фақат белгиланган жойлардан кесиб ўтиш,махсус малакага, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмай туриб автомотранспорт воситаларини бошқариш қоидаларига қатъий амал қилган инсон ҳаёти учун ҳеч қандай хавф-хатар туғилмайди. Аксинча, бу каби қоидаларга эътиборсизлик билан муносабатда бўлган инсон ҳам, унинг яқинлари ва атрофидагилар ҳам жиддий зарар кўриш билан бирга, ўзгалар ҳаётини хавф-хатарга қўйишади. Йўл қоидасига амал қилмаслик оқибатида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бегуноҳ инсонлар бевақт ҳаётдан кўз юмаётганини ҳисобга олсак, йўл қоидасига амал қилиш ҳарбир фуқаро учун вазифалардан бири ҳисобланади.
Манғит шаҳрининг Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга бағишланган йиғилишда айнан ана шу масала, яъни йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишда туман прокурори Жавлон Муфтуллаев, туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, прокуратура, Ички ишлар бўлими масъуллари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, Дўстлик ва Янгиобод маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишни Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ильмира Исмоилова очди ва олиб борди ҳамда йиғилиш кун тартибидаги масала - Манғит шаҳрининг Дўстлик маҳалласи ҳудудида 2021 йил 10 июль санасида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ва унинг оқибатлари хусусида қисқача тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, туман Ички ишлар бўлими бошлиғининг сўзга чиқиб, 2021 йил 10 июль куни соат 10:00 ларда Амударё тумани Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган чорраҳада бир фуқаро томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ва унда жабр кўрган фуқаронинг тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасида узоқ вақт даволангани, ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган фуқаронинг ҳам, жабрланувчи ва унинг оила аъзоларининг ҳам анча қийинчиликларни бошларидан ўтказишганлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Мазкур ҳолат юзасидан туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилганлиги маълум қилинди.
Ушбу жиноят иши бўйича муҳокамада иштирок этган маҳалла масъуллари мазкур ҳодиса натижасида жабрланувчининг оиласи қийин ҳолатда қолганлигини, олган тан-жароҳати юзасидан жабрланувчи ва унинг оила-аъзолари азобланганлигини, келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги ҳамда бошқа турдаги кўнгилсизликлар бўлишининг олдини олишда жамоатчилик вакиллари тегишли масъуллар билан биргаликда ҳаракат қилишлари зарурлигини, шунингдек, ҳайдовчилар ва пиёдалар ҳам бу борада масъулиятли бўлишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориш фойдали бўлишини таъкидлади.
Шундан сўнг, Амударё туман ички ишлар бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи, катта лейленант Дилшод Аминов туман ҳудудида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилаётганлигини, олиб борилаётган ишлар натижасида туман ҳудудида умумий жиноятчилик олдинги йилларга қараганда анча камайганини, бу борадаги профилактик тадбирларда маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик яқиндан ёрдам бериб келаётганлигини ва бундан кейин ҳам ҳамкорлик асосида иш юритиб, туманимиз ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, йиғилишда жорий йилнинг 3 август санасида туманимизнинг Ўрта қалъа овули ҳудудида яшовчи яна бир юртдошимиз “Нексия” русумли транспорт воситасида Манғит-Гурлан йўлининг 76-километрида ғарбдан шарққа томон харакатланиб бораётиб йўлнинг пиёдалар йўлакчасидан кесиб ўтаётган йўловчи, Босув маҳалласида яшовчи фуқарони уриб юборгани натижасида фуқаро оғир тан жароҳати олиб туман туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилганини таъкидлади.
Мазкур ҳолат юзасидан туман тиббиёт бирлашмасининг бирламчи маълумотномасига кўра фуқаро бош мия очиқ жароҳати, бош мия лат ейиши оғир даражаси, ўнг болдир суякларининг силжиб синиши, боши, қўллари эзилиб, жароҳат олганлиги ва шифохонада вафот этгани маълум қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам Амударё тумани ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилган.
Йўл-транспорт ҳодисалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда маҳалла фаоллари ҳам сўзга чиқишиб, йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солиш бўйича ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб, Манғит шаҳрининг айрим кўчалари, хусусан, Бердақ номли кўчада пиёдалар йўлакчаси йўқлигини, ушбу марказий кўчада тирбандликлар кўп бўлишини айтишиб, албатта марказий кўчаларда пиёдалар йўлакчалари бўлиши зарурлигини, бундан ташқари, Манғит деҳқон бозори рўпарасига ҳам светафор ўрнатиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.
Йиғилишда муҳокама этилган масала юзасидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар атрофлича таҳлил этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶