Мамлакатимизда маънавият ва маърифатни янада юксалтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда
Мамлакатимизда бугунги кунда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгармоқда. Юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим яратишга, халқимиз, айниқса ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб боришга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмоқда.
Маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакатимиз аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратиш мақсадида 2021 йил 26 март санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан згулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш каби устувор йўналишлар белгиланди.
Айтиш керакки, сўнгги йилларда юртимиз бўйлаб ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган “Маънавият фестивали” аҳолининг кенг қатламлари, аввало, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида фестиваль доирасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жорий йилда бутун мамлакатимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилган “Маънавият фестивали” ҳам юртдошларимизда эртанги кунга умид, ишонч, Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлади.
2019 йилни 3 май санасида мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларнинг таъсирчанлигини ошириш, маънавият соҳасидаги ички ва ташқи таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, жамиятда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятига яқиндан кўмаклашиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ташкил этилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Амударё тумани бўлинмаси томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг мазмун-моҳияти ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан аҳолининг барча қатламлари орасида маънавий-маърифий тадбирлар, маърузалар, амалий семинарлар, давра суҳбатлари каби тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Умумхалқ байрамлари ва муҳим тарихий саналарда таълим-тарбия масканлари, корхона-ташкилотларда турли мавзуларда учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ёшларнинг интеллектуал билим ва имкониятларини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ёшлар маьнавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар ташкил этилмоқда.
Юртимизда маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар аҳоли, айниқса ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онг-у тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Мамлакатимизнинг ҳар томонлама тараққий этиши йўлидаги ислоҳотлар бардавом бўлишини тилаган ҳолда барча юртдошларимизни жонажон Ўзбекистонимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Амударё тумани бўлинмаси номидан самимий табриклайман.
Отабек Йўлдошов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Амударё тумани бўлинмаси раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶