ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУДИ СУДЬЯСИ ИШТИРОКИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ
Жорий йилнинг 21 август санасида Амударё туманидаги Навоий номли маҳаллада ҳамда Куюк кўпир овулида Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Қабул жараёнида судья Султонмурод Давлетмуродов иштирок этиб, аҳолининг суд-ҳуқуқ тизимига оид мурожаатларини ўрганди.
Сайёр қабуллардаги аҳоли вакиллари билан бўлган очиқ мулоқотлар чоғида ҳудудлардаги аёлларнинг ҳамда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид муаммолари ўрганилди. Қабул жараёнларида ҳудудлардаги 8 нафар аёл-қизларнинг муаммоли масалалари юзасидан мурожаатлари қабул қилинди. Мурожаатлардаги масалаларнинг аксарияти вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш, алимент миқдорини кўпайтириш, никоҳдан ажратиш, моддий таъминот ундириш, уй-жойни ҳужжатлаштириш, зарарни ундириш, каби мазмунда бўлди. Аёл-қизларнинг қатор мурожаатлари қабул жараёнининг ўзида ҳуқуқий тушунтиришлар бериш орқали ҳал этилди ҳамда вақт талаб қиладиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Айтиш керакки, фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларига самарали ечим топиш учун янада қулай шароит яратиш мақсадида жойларда ташкил этилаётган бу каби очиқ мулоқотлар аҳолининг ўз ечимини кутаётган қатор муаммоли масалаларини маҳалланинг ўзида ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Хусусан, ноҳақ айбланган фуқаролар оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони соҳа ривожини янада жадаллаштиришда муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжат суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш каби устувор вазифаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш керакки, жойларда суд раислари иштирокида ташкил қилинаётган сайёр қабуллар судяларнинг халқ билан мулоқотини таъминлашга, юридик ва жисмоний шахсларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларини ечишда ва уларни ижобий ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶