ҲУҚУҚБУЗАРЛАР ҚАРШИСИГА ТЎПЛАНГАН ИШ МАҲАЛЛАДА, ОЧИҚ САЙЁР СУД МАЖЛИСИДА МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
Жорий йилнинг 19 август санасида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Жасур Уразбоев, судья ёрдамчиси Элёр Жуманиёзов, Ички ишлар бўлимининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бош инспектори Орифжон Қосимов иштирокида Манғит шаҳридаги Дурунки маҳалласи фуқаролар йиғини маъмурий биносида, очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 183-моддасида кўрсатилган майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузиш каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик тарзидаги хуқуқбузарликни содир этган икки нафар ҳуқуқбузар фуқаро қаршисига тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари айбланувчиларнинг вакиллари, жабрланувчилар ва уларнинг вакиллари, иш бўйича гувоҳлар ва ҳуқуқбузарларнинг маҳалладошлари иштирокида атрофлича муҳокама этилди.
Бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида ҳуқуқбузарликни содир этган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддалари асосида маъмурий жавобгар деб топилиб, уларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Ҳар иккала ҳуқуқбузар ҳам маҳаллада безорилик қилиб, фуқаролар тинчлигини бузгани, қилган ишларидан пушаймон эканликларини билдиришиб, бундан кейин маҳаллада, жамоат орасида юриш-туриш қоидаларига амал қилишга сўз бердилар.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Амударё тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида тумандаги дорихоналардан бирида савдо қилаётган тадбиркорлар ўз савдо шохобчасида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 53-моддасида назарда тутилган Санитария қонун ҳужжатларини, санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена меъёрларини бузиб, хуқуқбузарлик содир этганлиги бўйича тўпланган иш материаллари ҳам очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди ва хуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.
Ундан ташқари, шу куни маҳалла фаоллари иштирокида яна тўртта маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш материаллари ҳам сайёр суд томонидан кўриб чиқилиб, қонуний ечим қабул қилинди.
Шу куни Дурунки маҳалласи фуқаролар йиғинининг маъмурий биносида маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш тартиби ҳамда сайлов қонунчилиги юзасидан Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Жасур Уразбоев томонидан тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилди. Маҳалла фаоллари билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган мазкур тадбирда иштирокчилар жорий йилнинг 24 октябрь санасида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари ва Ўзбекистондаги Сайлов қонунчилигига оид саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўз навбатида Жасур Уразбаев фуқароларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берди.
Бўлиб ўтган сайёр суд мажлиси ва Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Жасур Уразбаев томонидан маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳамда сайлов қонунчилигига оид очиқ мулоқот тарзидаги тарғибот тадбири фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини, саводхонлигини ошириш, ўз фикрларини эмин-эркин ифода этишлари ҳамда судларнинг очиқлигини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶