Тозалик кунига бағишланган очиқ дарс ўтказилди
Ҳар йили 18 сентябрь куни бутун дунё бўйлаб барча мамлакатларда тозалик куни сифатида нишонланаиши анъанага айланган. Бутунжахон тозалик куни ўзи яшовчи маҳаллада, туманда тозалик яратиш ғоясини, фикрини амалга ошириш кунидир. Маълумотларга қараганда тозалик кунини ўтказиш ғояси 2008 йил Эстонияда пайдо болган. Унда 50 минг нафар кўнгиллилар йиғилиб, бир неча соат давомида ўз юртларини бир қанча тонна чиқиндилардан тозалашга ёрдам берганлар.
Ўзбекистонда бу тадбир илк маротаба 2019 йилда ўтказилган. Ўтган давр мобайнида ҳар йили 18 сентябрь санасида мамлакатимиз фуқаролари орасидан кўнгилли юртдошларимиз катта ҳашарларни ташкил этишиб, тозалик ва озодалик ишларини амалга ошириб келмоқдалар.
Шунингдек, таълим-тарбия масканларида бутунжаҳон тозалик кунига бағишлаб очиқ дарслар ташкил этилиб, ўқувчиларга тоза ва озода бўлиш кўникмалари сингдирилмоқда.
Ана шундай очиқ дарс Амударё тумани 38-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди. Бошланғич синф ўқувчиларида ўзи яшаётган уй, кўча маҳалла ободлигига ҳисса қўшиш, саранжом-саришта бўлиш, табиатни асраш каби эзгу ғояларни сингдириш каби тарбиявий мақсадни амалга ошириш учун ташкил этилган очиқ дарсда ўқувчилар жуда фаол иштирок этдилар.
Очиқ дарс бошида тозалик, озодалик ҳақида, чиқиндиларни тақсимлаш ва уларни қайта ишлаш ҳақида кенг маълумотлар берилди. Халқимиз донолиги, донишмандлиги намуналари бўлган мақоллар орқали фикрларнинг ифодаланиши болажонларнинг дарсга бўлган қизиқишини янада оширди.
Очиқ дарс мобайнида ўқувчиларга сайёрамимизни турли чиқиндилардан тозалашга ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги, бунинг учун энг аввало ўз уйи, синфи, мактаби, кўчасини тоза сақлаш кераклиги, чиқиндларни тўғри келган жойга эмас, махсус идишларга солиш тозаликни энг асосий омили эканлиги уқтирилди.
Дарс интерактив шаклда, замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилди. Ўқувчиларга мавзу юзасидан турли қизиқарли саволлар берилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Тақдимотлар орқали, расмли, видео ҳамда матн шаклидаги кўргазмали қуроллар орқали ўқувчиларда тозалик ва озодаликка риоя қилиш ҳақида янги билимлар ҳосил қилинди.
Айтиш керакки, ҳозирги кунда сайёрамизда чиқиндилар шу даражада кўпайиб кетганки, улар атроф-муҳитнинг зарарланишига олиб келмоқда. Инсонларнинг табиатга ва атроф-муҳитга муносабати тобора ёмонлашиб бораётгани жуда ачинарли ҳолатларни келтириб чиқармоқда. Она табиатимизни асраб-авайлаш, унга оқилона муносабатда бўлиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.
Очиқ дарс мобайнида ўқувчиларга чиқиндиларни саралаш лозимлиги, уларнинг кўпчилиги қайта ишласа бўладиган хом-ашёлар эканлиги ҳақида қимматли маълумотлар келтирилди.
Очиқ дарсни мактабнинг қатор бошланғич синфлар ҳамда юқори синфлар ўқитувчилари катта қизиқиш билан кузатиб бордилар. Дарс жуда жонли тарзда ўтди. Очиқ дарсдан кўзланган мақсадга эришилди.
Чарос Арслонова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶