ЁШ ЎҚИТУВЧИНИНГ КАТТА ЮТУҚЛАРИ
Инсон ўз ҳаёти давомида ҳамиша эзгу орзулар оғушида яшайди, ана шу орзулар манзилига етмоқ учун интилади, изланади, гоҳида машаққатлар чекади, синовларда тобланади. Ҳаёт синовлари, машаққатларини ирода кучи билан енгиб ўтиш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Агар таъбир жоиз бўлса, Шерзод Аширов ёш бўлса-да, ўзини ҳаётнинг ана шундай синовларига шайлаган, меҳнат қилишдан, ўқиб-изланишдан асло чарчамайдиган, ҳатто меҳнатсиз ўтган кунини умр ҳисобига қўшмайдиган билимдон ва маҳоратли ўқитувчилардан.
Шерзод жуда ёшлигидан, ҳали тенгқурлари кўча чангитиб, кун бўйи ўйин билан машғул бўлиб юришганида китобга, ўқишга ихлос қўйди. Ақлни чархловчи шахмат ўйинида оилада чемпион, мактабда ҳаммадан биринчи эди. Нукус давлат педагогика институти қошидаги Амударё академик лицейини аниқ фанлар йўналиши бўйича тугатган Шерзод Аширов ҳеч иккиланмай ҳужжатларини Қорақалпоқ давлат Университетининг математика факультетига топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган Шерзоджон тўрт йил давомида мамематика фанини чуқур ўзлаштирди.
Ўқиш жараёнида ўзининг инновацион лойиҳалари, теран фикри билан устозлари эътиборини қозонди. Университет магистратурасида қолиш таклифини билдиришганида эса устозларига ўзи туғилиб-ўсган туманда ишлаш, ёш авлод таълим-тарбияси соҳасига муносиб ҳисса қўшиш истагини билдирди.
Университетни тугатган 2017 йилданоқ илк меҳнат фаолиятини бошлаган Шерзод Аширов ўзи меҳнат қилаётган 16-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби педагогика жамоасининг ишончига сазовор бўлди.
Таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришларни ўз фаолиятига татбиқ этишни режалаштирган ёш педагог 2017-2018 ўқув йилининг иккинчи ярмидан тумандаги 40-сонли умумтаълим мактабида математика фани ўқитувчиси сифатида фаолиятини давом эттирди. Ўтган қисқа фурсат ичида ўз шахсий фикрига, мутахассислиги бўйича юқори билим ва малакага эга Шерзод Аширов мактабда математика фанини ўқитиш бўйича етакчи мутахассисга айланди.
2017-2021 йиллар давомида мактаб битирувчилари орасида аниқ фанлар бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари ошди. Хусусан, 2017-2018 ўқув йилида Шерзод Аширов таҳсилини олган битирувчилардан 14 нафари, 2018 йилда 27 нафари, 2019 йилда 36 нафар, 2020 йилда 48 нафар, 2021 йилда эса унинг раҳбарлигидаги вариатив синфи битирувчиларидан 58 нафари олий таълим муассасалари талабаси бўлишди.
Ўқувчилари 2017 ва 2020 йиллар оралиғида “Билимлар беллашуви” ва фанлар олимпиадасининг туман ҳамда республика босқичлари ғолиблигини қўлга киритишди. Шерзод Ашировнинг ўзи эса “Йил ўқитувчиси – 2018” кўрик-танловида туманда 1-ўрин, Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 2-ўрин соҳиби бўлди.
2019 йилдан эса Шерзод Аширов Республика ва туман миқёсида “Халқаро баҳолаш дастурлари”ни ўргатувчи TESTOLOG ва TRENER ўқитувчи, сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда. шунингдек, 2020 йилда ўтказилган “Математикадан ўқитувчилар олимпиадаси”да Қорақалпоғистон Республикасида 4-ўринни эгаллаб, Республика босқичига йўлланма олди.
- Кўпчилик ота-оналар фарзандларини репетиторлик ўқув марказларига олиб боришади, - дейди Шерзод вариатив синфда дарс ўтиш услуби ҳақида сўзларкан. – Агар фарзандим яхши билим олсин, дейишса, ўқувчига вариатив ўқув йўналиши энг яхши танлов. Чунки ўқувчи вариатив синфда эркин, ўзи хоҳлаган фанини қизиқиб ўрганади ва тез ўзлаштиради. Қолаверса, ўзи таълим олаётган мактабда, қадрдон синфдошлари даврасида таълим олади, вақтдан ютқазмайди.
Янги 2021-2022 ўқув йилини кўтаринки кайфиятда бошлаган ёш ўқитувчи ўз ютуқлари ва тажрибалари билан кўпларга намуна, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест Марказининг умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатига эга Қорақалпоғистон Республикасидаги ягона математика фани ўқитувчиси. Вариатив ўқув режаси асосида дарс ўтиш бўйича 1-тоифага эга Шерзод Аширов ушбу сертификат соҳиби сифатида 2021-2022 ўқув йилидан 100 фоиз устама олиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Эндигина 27 ёшга қадам қўйган Шерзод Аширов оилада меҳр-оқибатли фарзанд, оилапарвар умр йўлдоши, Мустафо исмли ширинтой ўғилнинг севимли дадаси. Рафиқаси Инобат Арслонова ҳам математика ва информатика фани ўқитувчиси. У ҳам 40-сонли мактабда ўқувчи-ёшларга таълим-тарбия беришдек шарафли ишда Шерзодга елкадош ва фикрдош.
Шерзод Ашировни ўз соҳасида эришаётган ҳавасга муносиб ютуқлари ҳамда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин дилдан табриклаймиз. Юксак иқтидор соҳиби бўлган бу ёш ўқитувчига ғайрат ва шижоат тилаймиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶