КУНИГА 200 МИНГ СЎМ ДАРОМАД ҚИЛАДИГАН 14 ЁШЛИ ҲУНАРМАНД ҚИЗ
Туманимиздаги умумтаълим мактабларида 5 та муҳим ташаббус доирасидаги белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Амударё туманининг Бўз солма маҳалласи ҳудудидаги 70-сонли умумтаълим мактабида амалга оширилаётган ишлар эътиборга муносиб. Айниқса, мактабнинг 9-синф битирувчилари иштирокида касбга йўналтириш бўйича ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Бунда маҳаллада истиқомат қилувчи ҳунарманд-уста Расул ака Хўжаевнинг ҳиссаси катта. Тунукасозлик ва кандакорлик йўналиши бўйича оилавий тадбиркорлигини йўлга қўйган ҳунарманд-уста нафақат ўз фарзандлари, балки 70-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф битирувчи ёшларига ҳам ҳунармандчиликнинг нозик сирларини ўргатиб келмоқда.
Шуниси эътиборга лойиқки, Расул Хўжаевнинг ҳали 14 ёш бўлган қизи Севинчой Холбоева аллақачон ота касбини пухта ўзлаштириб олган. У кандакорлик асбоб-анжомларини моҳирлик билан ишлатиб, ўзи мустақил равишда қадимий ҳунармандчилик анъаналари асосида мис қумғонларни ясаб, ҳатто жимжимадор безаклар билан безатиб, ички бозорга олиб чиқмоқда. Шу билан бирга, тунукасозлик ҳунарига қизиқувчи мактабдошларига ўзи эгаллаган ҳунар сирларини қунт билан ўргатмоқда.
Расул аканинг ўғли Русланбек Холбоев 7-синфда, қизи Севинчой Холбоева эса 8-синфда ўқишади. 13 ёшли Русланбек ўқишдан бўш пайтлари отасига ёрдам берса, Севинчой икки йилдан бери мустақил фаолият олиб боради. Севинчой ҳозир 14 ёшда. Ҳунармандчиликни отасидан 2 йилда тўлиқ ўрганиб олган Севинчойнинг айтишича, соҳага қизиқиш 6-7 ёшларида бошланган.
– Отамга 6 ёшимда шогирдликка тушганман. Охирги икки йилда соҳани аниқ ўрганишга киришдим. Бошида 2-3 ойгача шунчаки жараённи кузатиб юрдим. Кейин нимадир ясашга ўтдим. Очиғини айтаман, уч-тўрт уринишлардан кейингина ишим ўхшашни бошлади. Унгача анча металл бўлакларини яроқсиз қилиб қўйганман, – дейди Севинчой Холбоева.
Ёш ҳунарманд қиз икки йилдан бери мустақил фаолият олиб боради. Севинчой ҳозирда 20 га яқин уй-рўзғор буюмлари ва тунука ишлаб чиқармоқда. У ўзига уй ичида алоҳида устахона очиб олган. Отаси Расул аканинг айтишича, қизи ишлаётган пайтда ҳеч ким безовта қилиши мумкин эмас. Севинчой бир ўзи, мустақил ишлашни яхши кўради.
Ҳунарманд қиз Севинчойнинг айтишича, кунлик даромади 100-150 минг сўм атрофида. Ўқиш бўлмаган кунлари бу рақам 200 минг сўмгача етиши ҳам мумкин экан. У эрталаб соат 5:00да туришга одатланган. Биринчи қиладиган иши устахонасини очиб, тозалаш бўлади. Кун давомида уй ишлари ва ўқишдан ортиб, соат тунги 24:00 гача ишлаши ҳам мумкин.
Уста-ҳунарманд Расул Хўжаевнинг хонадонидан бўзсолмалик ёшларнинг асло қадами узилмайди. Бўш вақтларида ҳунар ўрганишни хоҳловчи овул ёшлари, шу билан бирга 70-сонли мактаб ўқувчилари Диёрбек Тожибоев, Саиджон Ўрозметовлар Расул Хўжаевнинг устахонасига тез-тез келишиб, Расул ака ва унинг умр йўлдоши Ойсултон опа Бойманова ҳамда уларнинг ҳунарманд қизи Севинчойнинг уй-рўзғор буюмларини ясашларини диққат-эътибор билан кузатишади ва зарур маслаҳатлар олишади.
Халқимиз томонидан: “Ҳунарманднинг ризқи баланд”, “Ҳунарли инсон хор бўлмас”, деган ҳикматлар бежизга яратилмаган. Инсон ҳаётда қўлидаги жамики моддиятлардан бир зумда айрилиши мумкин. Лекин эгаллаган касб-кори, илм-у ҳунари унинг ҳам умрини, ҳам қалбини безайди, ризқ-у насибасини бутун қилиб, ҳаётига кўркамлик бахш этади. Бўзсолмалик ҳунарманд-уста Расул ака Хўжаев ёшларга бу ҳақда гапириб, панд-насиҳат қилишдан асло чарчамайди. Чунки бир кишига ҳунарини ўргатган инсонга Аллоҳ ўнта савоб ато этади, дейдилар. Зеро, савобли ишлар эл-юртга файз, кўнгилларга хотиржамлик ва шодлик бағишлайди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶