1 ОКТЯБРЬ – ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИГА
Инсониятнинг онг-тафаккури ривожлангани сари у яратган билимлар ҳам ортиб борди. Тарих фанидан бизга маълумки, ижтимоий онг шаклларидан бири бўлган фанни тармоқларга ажратган қадимги юнонларда тўпланган билимларни келгуси авлодга ўргатувчи кишиларни “педагоглар” деб аташган. Бора-бора билимлар билан бирга уни ўқитиш усуллари ҳам такомиллашиб борган. Ҳар бир даврда, у қайси мамлакат бўлмасин, агар санъат ривожи учун шароит бўлса ижодкор кишилар, ҳарбий ҳаракатлар устувор бўлганда қўшин бошлиқлари, фалсафага эҳтиёж бўлганда файласуфлар, фан тараққий қилиши учун имкон бўлганда олимларнинг таълим беришлари муҳим ҳисобланган. Буюк географик кашфиётлар, фан-техника ютуқларидан сўнг тараққиёт янада тезлашиб кетди, инсоният ХХ асрни ўз тафаккури ва иродасининг кучи асрлар бўйи амалга ошмаган мўжизаларни қилишга қодирлигининг яна бир исботи сифатида тарихга муҳрлади. Эндиликда инсон ўзининг узоқ аждодидан фарқли равишда жамиятнинг онгли кишиси сифатида яшаши учун кўп нарсаларни билишга мажбур. Бу билиш йўли эса узоқ ва бепоёндир, ундан ёлғиз бормоқ адашишларга олиб боради. Бу йўлнинг бошидан бизга уни яхши билувчи, бизга ўргатувчи устозлар ҳамроҳ бўлади. Тафаккуримиз ривожланиши учун олдин борлиқни англаймиз, ўзимизгача яратилганларни ўрганамиз, бошқача айтганда, девор тиклаш учун олдин пойдевор ҳосил қиламиз. Бунда ўқитувчи берган билимлар куртагининг аҳамияти катта бўлади.
Мактабга илк қадамини қўйган боланинг онгида хотиралар, сезгилар, ота-онаси орқали олган биринчи таассуротлар мавжуд бўлади. Ҳақиқий билимлар билан у таълим жараёнларида танишади, фикрлаш кўникмаси шаклланади, ўзида мавжуд бўлган қобилиятлар намоён бўла бошлайди. Ушбу жараёнларда билимлар ва ўқувчи орасида уларнинг биринчисини иккинчисига етказувчи ўқитувчининг ўрни катта. Боғ парвариш қиладиган боғбоннинг иши қанча машаққатли бўлса, инсонни етук қилиб жамиятга олиб кирувчи ўқитувчининг масъулияти ҳам шунчалик оғир. Киши ҳаётида эришган барча ютуқларда ўзига берилган билим ва тарбия, уни берган кишининг заҳмати акс этиб туради.
Устоз ва мураббийлик кенг тушунчадир. Фақат ўқув даргоҳларида эмас, балки кенг ҳаётда, унинг турли жабҳаларида бизга зарур бўлган, кўмак берадиган билимлар, йўл-йўриқ, маслаҳатларини берган кишилар ҳам устоз ҳисобланади. Гарчи бир даврда яшамаган бўлсалар-да, бироқ асарлари ўзи учун мактаб вазифасини ўтагани, кўп нарсаларни ўргатгани учун Абдулла Қаҳҳор рус адиби Чеховни ўзининг устози деб билган эди. Ҳаёт йўли, қилган ишлари бизга ўрнак бўлган ва руҳан тарбиялаган, бевосита ва билвосита берган маслаҳатлари, гаплари ҳаётимизни яхши томонга ўзгартирган кишилар устоз деб аталмоққа лойиқдир.
Киши ўз-ўзига ҳам устоз бўлиши шарт. Бизга берилган таълимдан ташқари мустақил ўқиб-ўрганишнинг ҳам ўрни ғоят аҳамиятли. Ўз устимизда ишламасак, бизга ўргатилганларнинг самараси кучли бўлмайди. Эркин ва ижодий фикрлаш орқали янги билимларни яратамиз, ҳамма даврларда шундай бўлган, бироқ олдинга қарата ташланган ҳар бир қадамимизнинг остида замин – билимлар, уларни бизга берган Устозларнинг машаққатли меҳнати ётади.
Сирож Олимов, Амударё тумани 30-сонли умумтаълим мактабининг
Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶