“ЎЗАРХИВ” АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИ АМУДАРЁ ТУМАНИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов Амударё туман Давлат архивида сайёр қабул ўтказди.
4 октябрь куни бўлиб ўтган ушбу сайёр қабулда Қорақалпоғистон Республикаси Архив иши бошқармаси бошлиғи Мақсет Қайипназаров, туман Давлат архиви бошлиғи Баҳодир Жуманиёзов, тегишли корхона-ташкилотлар, давлат органлари мутасаддилари ва бошқалар иштирок этишди.
“Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов дастлаб юртимизда архив ҳужжатларини қамраб олиш имконияти кенгайтирилиб, давлат архивларида сақланаётган ҳужжатларнинг сони ортаётгани, тизимнинг моддий-техник базаси ҳам босқичма-босқич ривожлантирилаётгани хусусида сўз юритди. Шунингдек, ҳудудлардаги давлат архивларида барча шароитлар яратилиб, замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланаётгани, тизим фаолиятини такомиллаштиришга доир ҳукумат ва Президент қарорлари асосида ишдаги самарадорлик ортаётганига кенг тўхталди.
Амударё тумани Давлат архивида ҳам миллий архив фонди ҳужжатларини тўплаш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, архив фондида 2006 йилдан ҳозирги даврга қадар 220 та фонд мавжудлиги, уларда миллий архив фонди таркибга кирувчи доимий сақланадиган 20417 та ҳужжатлар, шахсий таркибга оид 14606 та, жами 35023 ҳужжатлар сақланаётганлиги қайд этилди.
Миллий архив фонди ҳужжатларининг давлат ҳисоби илмий маълумотлар аппаратини ташкил этиш ва ривожлантириш, фондлар ва ҳужжатларни қабул қилиш бўйича 2021 йилнинг ўтган даври давомида доимий ва шахсий таркибга оид 7 фондга 1232 та ҳужжат қабул қилингани ҳақида маълумот берилди.
Давлат архивида сақланаётган ҳужжатларнинг мавжудлигини ва хатловини ташкил қилиш бўйича 2021 йилнинг ўтган даври давомида 700 дан ортиқ ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилгани айтиб ўтилди.
Туман Давлат архиви бошлиғи Баҳодир Жуманиёзов шу пайтга қадар туман Давлат архивида сақланаётган ҳужжатлар доирасида фуқаролардан ижтимоий-ҳуқуқий ва мавзули сўровлар бўйича жами 2081 та мурожатлар келиб тушганлиги, шулардан 2056 та мурожаат кўриб чиқилгани ва барчасига ижобий жавоблар берилгани ҳақида сўзлади.
Шунингдек, архив ҳисобига 2021 йилнинг шу кунига қадар пуллик кўрсатиладиган хизматлар бўйича ҳужжатларни тартибга келтириш, архив соҳасига оид норматив ҳужжатларни тайёрлаш, ҳужжатларни депозитар сақловга қабул қилиш, мавзули сўровлар ва бошқа йўналишлар бўйича 75 млн. сўм маблағ киритилганини, ушбу маблағлар соҳанинг асосий йўналишларига сарф қилиниб келинаётганини ҳам маълум қилди.
Сайёр қабул давомида жисмоний ва юридик шахслар асосан пенсия, уй-жой масалалари бўйича мурожаат қилишди. Мазкур мурожаатлар атрофлича ўрганилиб чиқилди ва барчасига ижобий ечим топиш чоралари кўрилди.
“Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов Амударё туман Давлат архивида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан олиб борилаётган ишлар, бинодаги яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, архивда фаолият олиб бораётган мутахассислар билан учрашиб, уларнинг архив соҳаси бўйича қизиқтирган савол ва таклифларини ўрганди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶