КЕКСАЛАР ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДАГИ ТАДБИРЛАР БОБУР НОМЛИ ОВУЛ ВА АЁҚЧИ МАҲАЛЛАСИДА ҲАМ ДАВОМ ЭТДИ
Ўтган ҳафта Амударё туманида “Кексалар ҳафталиги” доирасидаги тадбирларга бўй бўлди. Ҳафталик доирасида овул ва маҳаллаларда учрашувлар, саломатлик, хайрия тадбирлари, янги биноларнинг очилиш маросимлари ўтказилди.
7 октябрь куни ҳафталик доирасида Бобур номли овулда янгидан таъмирланган фуқаролар йиғини биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирга ҳудуддаги аҳоли, ёшлар, жамоатчлик вакиллари, кекса авлод вакиллари, нуронийлар, фахрийлар иштирок этди.
Тадбирни туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев очиб берди ва йиғин масъулларининг келгуси ишларида зафарлар тилади. Жумладан, ҳафталик муносабати билан ҳудудларда ўтказилаётган тадбирлар, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиром ҳақида сўз юритди.
Бобур номли овул фуқаролар йиғини раиси Гулбаҳор Райимова, фуқаролар йиғини раисининг Кексалар ва фахрийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Муродбой Собуровлар ҳам сўзга чиқишди ҳамда бинонинг таъмирланишида яқиндан кўмак берган тегишли ташкилотлар мутасаддилари ва масъулларга миннатдорчилик билдиришди.
Шундан сўнг, маҳалла фаоли Давлатбой Худойберганов, “Қурилиш хизмат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аброр Тоҳировлар сўзга чиқиб, фуқаролар йиғини масъуллари ва бошқаларни янги бинонинг очилиши билан табрикладилар. Йиғин масъуллари ва овул аҳолисининг келгуси ишларида янги муваффақиятларни, ютуқларни қўлга киритишларига тилакдошлик билдирдилар.
Маросимда туман Маданият бўлими ҳаваскорларининг мусиқий дастури томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Ҳаваскорлар ижросидаги куй-қўшиқлар, рақслар билан тадбирга янада файз кирди.
Тадбир овул ҳудудидаги “Жасурбек” кафесида дастурхон атрофида давом эттирилди. Ҳафталик муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирнинг энг ардоқли меҳмонлари овул нуронийлари бўлишди. Уларга тадбир ташкилотчилари эсдалик совғаларини тақдим қилишди.
Худди шундай тадбир Аёқчи маҳалласида ҳам ташкил этилди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аллаёр Қаландаров ташаббуси билан ҳудуддаги “Оталар чойхонаси”да ўтказилган ҳафталик доирасидаги очиқ дастурхон атрофидаги тадбирга элнинг кекса нуроний отахонлари ва онахонлари ташриф буюришди.

Тадбирда иштирок этган “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Бекман Аллаберганов ҳамда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходими Баҳриддин Тўрабоевлар юрт файзи бўлган кекса авлод вакилларига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор, ғамхўрликлар хусусида сўзлашди.
Шунингдек, “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Ҳукумат қарорига кўра ҳар йили октябрь ойининг илк ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” деб белгилангани, шу муносабат билан кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш анъанага айланганини айтиб ўтишди. Ноз-неъматларга тўла дастурхон атрофида кечган самимий суҳбат билан тадбир ниҳоятда завқли, мазмунли ўтди.
Тадбирда иштирок этган 70 нафарга яқин кекса нуронийлар ва фахрийларга миллий таом – ош тортилди. Маҳалланинг кексалари, меҳмонлар ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун давлатимизга, ташкилотчиларига миннатдорчиликлар билдиришди ва элимизда тинчлик барқарор бўлишини, обод Ватанимиз янада равнақ топишини тилаб, дуолар қилдилар.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶