ЮРТ ТИНЧЛИГИ, ЖАМИЯТ ОСОЙИШТАЛИГИНИ ШАРАФ БИЛАН АСРАЙМИЗ
Жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ҳамда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда ички ишлар органларининг самарали фаолияти устувор аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда барча соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда.
Айтиш керакки, “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун билан 25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни сифатида белгиланиб, ҳар йили ушбу санада соҳа ходимлари учун катта байрам тадбирлари ташкил этилиб, айём тантанали равишда нишонланади. Бу йил ҳам соҳа ходимларининг касб байрамлари муносиб тарзда ўтказилиб, жойларда байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда соҳа ходимларининг жамоат тартиби ва тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фидокорона хизмати, айниқса, уларнинг пандемия шароитида кўрсатаётган жонбозликлари таҳсинга лойиқ.
Туман Ички ишлар бўлими ходимлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги вазифаларини масъулият билан адо этишмоқда. Бўлимда ички ишлар органлари ходимларининг самарали фаолият олиб боришлари учун барча қулайликлар, шарт-шароитлар ҳамда кенг имкониятлар яратилган бўлиб, ходимлар замонавий спорт жиҳозлари ўрнатилган спорт залларида жисмоний чиниқиш амалиётларини бажариб келмоқдалар. Шунингдек, бўлимдаги барча хоналар компьютер жамланмалари ҳамда замонавий мебеллар билан таъминланган.
Туман ИИБ томонидан жамиятда тинчликни сақлаш, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, уюшган жиноятчилик, коррупция, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни ўз вақтида фош қилиш, шунингдек, ҳар қандай фавқулодда ҳодисалар содир этилишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада туман ИИБ жамоатчилик вакиллари ва бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор тезкор-профилактик тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Жорий йилнинг шу даврига қадар туман ҳудудида содир этилган умумий жиноятчилик сони 155 тани ташкил қилиб, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик ва транспорт воситасини олиб қочиш каби оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишининг олди олинди.
Жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилган профилактик чора-тадбирлар натижасида тумандаги 49 та маҳаллаларнинг 24 тасида бирорта ҳам жиноят содир этилмади.
Бўлим томонидан, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, Тиббиёт бирлашмаси, Халқ таълими бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, тижорат банклари ва Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходимлари билан ҳамкорликда пробация ҳисобида турган маҳкумлардан 47 нафарининг ишга жойлашишида, 1 нафарига турар жой билан таъминланишида, 4 нафарига истеъмол кредитлари олишида, 21 нафарига тиббий, 27 нафарига моддий, 7 нафарига маиший ва 8 нафарига турли шартномалар тузишда ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди.

Шунингдек, туман Ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмасининг профилактика инспекторлари, соҳавий хизматлар ходимлари ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида хуқуқбузарликка қарши кураш, ватанпарварликни тарғиб қилиш, оммавий маданият таъсирига тушишининг олдини олиш борасида мунтазам равишда профилактик тадбирлар, давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
Натижада бу борадаги кўрсаткич олдинги йилларга нисбатан анча камайди. Бу эса ўз ўрнида туман Ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспекторларининг салмоқли фаолият олиб борганликлари самараси ҳисобланади.
Қолаверса, соҳа ходимларининг туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда жамоатчилик институтлари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб бориш натижасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони камаймоқда. Бу борада маҳаллаларда яшовчи жиноят қилишга мойил шахслар алоҳида назоратга олинган бўлиб, тарбиявий профилактик ишлар ташкил этилган. Уларга маҳаллалар фаоллари орасидан мураббийлар бириктирилиши натижасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олди олинди.
Жорий йилнинг шу даврига қадар жами 242 нафар шахс профилактик ҳисобга олинган бўлиб, ўтган давр ичида туман ИИБ ходимлари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ҳар бири билан якка тартибда 859 маротаба профилактик ишлар амалга оширилди. Олиб борилган самарали тадбирлар натижасида профилактик ҳисобда турган шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.
ИИБнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ҳам соҳага киритилаётган ўзгаришлар, олиб борилаётган янги ислоҳотлар ижросини таъминлашда самарали фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар бўлим томонидан тумандаги 11382 нафар фуқароларнинг тегишли маълумотлари қабул қилиниб, уларга хорижга чиқиш биометрик парспортлари расмийлаштириб берилди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID карталарини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан биометрик паспорт ўрнига идентификация ID карталарини жорий этиш белгиланганидан сўнг, мурожаат қилган фуқароларга шу куннинг ўзида расмийлаштирилиб берилмоқда. Бу борада бўлимга жорий йил бошидан жами 3923 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, уларнинг ҳужжатлари тўлиқ ID картага алмаштирилди.
Жорий йилнинг шу даврига қадар бўлимга 17 нафар фуқароларнинг фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олиш учун мурожаатлари келиб тушган, 2 нафар чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш учун мурожаат қилди. Ушбу мурожаатлар ўз ўрнида тегишлича қаноатлантирилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси ходимлари томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилиб, жорий йилнинг шу даврига қадар 32 маротаба рейдлар ва кўчма радарлар ташкил қилинди. Тезкор тадбирларда 11462 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, тегишли жазо чоралари кўрилган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан маҳаллаларда 38 та ва ўқув муассасаларда 89 та тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.
Касб байрамимиз арафасида соҳада фидойилик билан меҳнат қилган ҳамда ўз касбига бўлган чексиз меҳри билан Ватан олдидаги фарзандлик бурчини ўтаган, хизмат вақтида бевақт ҳаётдан кўз юмган ички ишлар органлари ходимлари хонадонларига ташриф буюриб, оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.
Дўстлик маҳалласидаги ИИБда вақтинчалик сақлаш ҳибсхонаси ходими бўлиб хизмат қилган ва хизмат вақтида вафот этган Улуғбек Бозорбоев хонадонида унинг оила аъзолари билан дилдан суҳбат қуриб, хотираси ёдга олинди. Шунингдек, байрам муносабати билан бўлим ходимлари Тошқалъа маҳалласидаги профилактика инспектори лавозимида самарали фаолият юритиб, хизмат чоғида оламдан ўтган Азимбой Хўжаков хонадонига ташриф буюрдилар ҳамда оила аъзолари ҳолидан хабар олдилар. Масъуллар қўриқлаш бўлими ходими бўлиб хизмат қилган, ўз хизмат вазифасини адо этаётганида ҳаётдан кўз юмган Ортиқбой Якубов хонадонига ҳам бордилар ва оила аъзоларини байрам билан табрикладилар. Байрам муносабати билан марҳумларнинг оила аъзоларига эсдалик совғалари берилди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар, аввало, халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётганлиги ички ишлар органлари олдига ўз вақтида уларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш бўйича янги вазифаларни қўймоқда. Биз ушбу вазифаларни шараф билан адо этамиз ва элимиз тинчлиги, жамият осойишталигини асрашга ўзимизни масъул деб биламиз.
Шу фурсатдан фойдаланиб, машаққатли ва шарафли касб эгалари бўлган ички ишлар органлари ходимларини 25 октябрь – касб байрамлари билан самимий табриклайман. Эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилишларида уларга куч-ғайрат ва матонат, мустаҳкам соғлик, ғоят масъулиятли ва серқирра фаолиятларида янги зафарлар тилайман.
Улуғбек Худойберганов,
туман Ички ишлар бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶