Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг МУРОЖААТИ
Муҳтарам юртдошлар!
Нуроний отахон ва онахонлар!
ХХI асрда бутун дунё бўйича вужудга келаётган атроф-муҳит тозалиги ва биз нафас олаётган атмосфера мусаффолигига раҳна солаётган кўплаб ҳолатлар инсоният ҳаётига тобора жиддий хавф солмоқда.
Айниқса, йилдан йилга кучайиб бораётган иқлим исиши ва бунинг натижасида мавжуд глобал экологик мувозанатнинг издан чиқаётгани барча мамлакатлар халқлари қатори юртимиз аҳолисини ҳам огоҳлик ва сергакликка чақирмоқда.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мазкур муаммоларни бартараф этиш, ҳудудлар ободлигини таъминлаш ва бунинг натижаси ўлароқ, аҳоли турмушини яхшилаш борасида давлатимиз томонидан қатор муҳим ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, маҳалла ва кўчалардаги дарахтлар сонини кўпайтириш, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектлари атрофида мевали дарахтларни экиш бўйича зарур чоралар амалга оширилмоқда.
Албатта, кўчат экиш, боғ яратиш халқимизга хос эзгу қадриятлардан саналади. Оталарнинг фарзандига атаб дарахт экиши ҳам авлоддан-авлодга ўтиб, қадрият даражасига кўтарилиб келаётган анъаналаримиздан бири.
Шу маънода дарахтларни кўпайтириш, уларнинг тури ва хилма-хиллигини янада ошириш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни ҳаётга жорий этишда Сиз — азиз нуронийларнинг муҳим ҳиссангиз бор!
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 10 декабрига қадар маҳаллаларимизда дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Ҳурматли нуроний отахон ва онахонлар!
Биз сизларнинг кўп йиллик ҳаётий тажрибаларингиз ҳамда она табиатимизга бўлган меҳрингизни юксак ғурур билан эътироф этган ҳолда, ушбу ташаббусда фаол иштирок этишингизни сўраб қоламиз.
Хусусан, жойларда олиб борилаётган ободонлаштириш ва дарахт кўчатларини ўтқазиш ишлари бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш, масъул ташкилотлар ходимларига ҳар томонлама кўмак беришда сизларнинг бой ҳаётий тажрибаларингиз, хайрихоҳлигингиз бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Шунинг билан бирга, ёшларда табиатга бўлган муҳаббат ҳиссини юксалтириш, аҳоли орасида экологик маданиятни янада ривожлантириш борасида Сиз - пиру бадавлат нуронийларимиз, кўпни кўрган оқсоқолларимизга суянамиз.
Қадрли юртдошлар!
Янги Ўзбекистон – инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатимизнинг гуллаб-яшнаши, она табиатимизни асраш ва ватандошларимиз саломатлигини янада яхшилаш йўлидаги ушбу эзгулик ҳаракатида фаол иштирок этишга чорлаб қоламиз!
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶