ТУМАН ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ – МУАММОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШДА АҲОЛИГА ЯҚИН КЎМАКЧИ
Халқ қабулхоналари аҳолининг ҳаётий муаммолари тезкорлик билан ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Олис ҳудудларда яшайдиган фуқароларнинг ҳам оғири енгил бўлиб, эртанги кунга бўлган ишончи янада ортмоқда. Қабулхоналарда фуқароларнинг ариза ва шикояти белгиланган тартибда, холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилаётгани, ижобий ҳал этилаётгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларига олий қадрият сифатида қаралаётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Туман Халқ қабулхонаси томонидан ҳам аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш борасида самарали ишлар амалга оширилиб, халқимизнинг давлатдан рози бўлиб яшаши таъминланмоқда, улар учун фаровон турмуш тарзи яратилишига яқиндан кўмак берилмоқда.
Ўтган давр мобайнида туман Халқ қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 966 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан, 846 таси ёзма, 103 таси оғзаки, 10 таси электрон ва 7 таси видеоконференцалоқа давомида келиб тушди. Уларни қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда, ўз вақтида, холис кўриб чиқиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш Қабулхона ходимлари зиммасидаги асосий вазифалар сирасига киради. Шу боис мурожаатлардан биронтаси эътибордан четда қолмади.
Ушбу мурожаатлардан 906 таси ҳудуддаги ташкилотларга, 39 таси юқори ташкилотга юборилган, қолган 21 таси Халқ қабулхонасида кўриб чиқиш учун қолдирилди. Мазкур мурожаатларнинг 923 таси, яъни 98 фоизи қаноатлантирилди. Шундан, 844 тасига ижобий ечим топишга кўмаклашилди, 78 тасига ҳуқуқий маслаҳат ва маълумотлар берилди, 1 таси узоқ муддатли назоратга олиниб, 22 тасига асосли тушунтиришлар берилди. Қолган 21 та мурожаатлар айни пайтда қўшимча ўрганиш жараёнида.
Туман Халқ қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслардан энг кўп келиб тушган мурожаатлар иш билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, моддий ёрдам ва алимент ундириш масалаларидир. Асосий мақсад “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойилни ҳаётда қарор топтиришдан иборат бўлган туман Халқ қабулхонаси томонидан аҳолини қийнаётган бундай масалалар ечимига кўмаклашиш мақсадида ўтган давр мобайнида тумандаги сектор раҳбарлари иштирокида жами 137 маротаба сайёр қабуллар ташкил этилди. Қабуллар давомида 226 нафар фуқаро томонидан 236 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан, 179 та мурожаат қаноатлантирилди. Қолган 51 нафар фуқаронинг мурожаатларига асосли тушунтириш берилди, 6 нафар фуқаронинг мурожаати тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилмоқда.
Ундан ташқари, тумандаги кам таъминланган, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган эхтиёжманд оилаларни ҳолидан хабар олиш кабилар ҳам амалга оширилди. Бундай тадбирлар давомида 51 та оила фарзандларига янги оёқ кийимлар, 21 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва бир марталик пул маблағлари берилди.
Шу билан бирга, тумандаги 3-сектор раҳбари билан ҳамкорликда Жумуртов шаҳарчаси ҳудудида эски бино қайта таъмирлаб берилиб, жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб, тикув цехи ташкил қилинди. Бугунги кунда мазкур тикув цехи фаолияти йўлга қўйилиб, 15 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.
Айтиш жоизки, тумандаги Халқ қабулхонаси давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, мурожаатлар қонуний ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда алоҳида ўрин тутиб аҳолининг энг яқин кўмакчисига айланди. Мазкур ташкилот халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиши учун янада кенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Э.Ражабов, туман Халқ қабулхонаси мудири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶