Амударё туманида 39 минг 406 нафар томорқачи ва 295 та деҳқон хўжаликлари ердан мўл ҳосил етиштирмоқда
Қишлоқда яшашнинг ўзига хос гашти, шу билан бирга сир-у синоатлари бор. Файз-у тароватли хонадон оғушида ҳаёт гаштини суриш, қишлоқнинг мусаффо ҳавосидан баҳра олиб яшашга нима етсин!? Лекин ана шундай файзга тўла хонадон қўрғонини бунёд этиш учун қишлоқ аҳли, аввало тадбиркор, ишбилармон, ер ва табиат билан тиллашаоладиган омилкор деҳқон ҳам бўлмоғи керак.
Айни пайтда Амударё туманининг қишлоқларида бўлсангиз, ер билан, она табиат билан тиллашиб, ҳар бир қарич ерни боғ-бўстонга айлантириб яшаётган, нафақат ўз хонадони, балки туманнинг ички ва ташқи бозорини ҳам ўзлари етиштирган сарҳил маҳсулотлари билан тўлдириб, кун сайин фаровонлашиб бораётган фидойи томорқа ер эгаларининг ишларини кўриб дилингиз яйрайди.
Бугунги кунда Амударёликларнинг 39 минг 406 нафари ўз томорқа ерида фаолият юритишади. Туманда 295 та деҳқон хўжаликлари мавжуд бўлиб, мазкур деҳқон хўжаликлари учун 6 минг 652 гектар экишлик ер майдонлари ажратиб берилган. Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан жорий йилнинг август-сентябрь ойларида 2022 йил ҳосили учун 1 минг 141 гектар майдонга пиёз ва саримсоқпиёз экинлари экилди. Умумий ер майдони 13,9 гектарни ташкил этувчи томорқа хўжаликларида 1 минг 183 та иссиқхоналар мавжуд бўлиб, ушбу иссиқхоналарнинг 486 таси овул ва маҳаллалар ҳудудларида янгидан барпо этилди. Ҳар бири 1-1,5 сотихдан иборат енгил сиғимли иссиқхоналарнинг умумий ер майдони 6,3 гектарни ташкил этади ва айни пайтда уларнинг барчасида кечки бодринг, помидор, пиёз ва турли кўкатлар етиштирилиб, томорқа ер эгалари, оиласи эҳтиёжидан ортгани ички бозорга йўналтирилмоқда.
Туманда 2020 йилда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 21 та маҳалла, 2021 йил давомида эса 49 та маҳалланинг барчаси ушбу тамойил асосида ихтисослаштирилди. Шунингдек, 2021 йилда 8 та маҳалладаги 16 та кўчада жойлашган 391 та хонадонлар томорқа хўжаликларини намунали томорқага айлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Томорқа ер эгалари учун зарур қулайликлар яратиш мақсадида 2021 йилда Амударё туманининг 12 та маҳалласида томорқаларда етиштирилган маҳсулотлар билан савдо қилувчи савдо шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Шундан 8 та гавжум маҳаллаларда енгил сиғимли “Дала дўконлари” ва кичик сиғимли музлатгичлар қурилди. Бу эса халқимизни йил давомида сара ва сифатли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда.
Амударёликлар азалдан моҳир соҳибкор-боғбонлар ҳисобланади. Қаерда яшашидан қатъий назар, эшиги олдига, ҳовлиси атрофига ҳеч бўлмаганда уч-тўрт туп узум токини экмаган оилани топиш қийин. Айниқса, ҳар йили куз ва баҳор ойларида янгидан узум токларини экиш, кексайган токларни қайчилаб, янгилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. 2021 йил кузи ва 2022 йил баҳор ойларида туман маҳаллаларидаги 6 мингдан зиёд хонадонлар атрофига жами 60 км. узунликдаги ерга қатор қилиб янгидан узум токлари ўтқазиш режалаштирилган.
Амударёда ишнинг кўзини билган омилкор томорқачилар учун кеч куз бўлса-да айни дамлар иссиқхоналарда иш қизғин: кечки бодринг, помидор, барра пиёз ва кўкатларни териб олиш, бозорга олиб чиқиш ишлари давом этмоқда.
Оқ олтин овулида яшовчи моҳир томорқачи Янгибой Қурбониёзов 23 сотих ерда деҳқончилик қилади. У 2 сотих майдонга помидор, 2 сотих ерга бодринг, 2 сотих ерга картошка, 3 сотих ерга пиёз, шунингдек, турли кўкатлар ҳамда 14 сотих майдонда боғ яратиб, сарҳил мевалар етиштириб келмоқда.
Томорқачи асосий экин турларидан бўшаган ерларга такрорий экинлар, яъни, 12 сотих майдонга карам ва картошка экиб, ҳар йили мўл ҳосил олади. Эрта баҳорда эса турли сабзавот кўчатлари етиштириш ҳамда эртаги экинлар кетма-кетлигини тўғри йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратади ва ўз вақтида ишлов бериб, тупроқ ҳамда иқлим шароитидан келиб чиқиб, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириб келади.
Шу боис, томорқа деҳқончилиги бўйича оилавий тадбиркорлик орқасидан хонадон омборида ҳар йили 10 тонна мева-сабзавотлар заҳираси ғамланади. Натижада моҳир томорқачининг хонадони обод, дастурхони тўкин.
У деярли 10 йилдан буён эрта баҳорда 1,5 сотихлик иссиқхонасида турли-туман сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини етиштириб, уларни туман маркази, Нукус шаҳри бозорларига сотишни ҳам йўлга қўйган. Шу билан бирга овулидаги кам таъминланган оилаларга бу каби кўчатларни бепул етказиб бериб келмоқда.
Томорқасидан ҳар йили ўртача оилавий ҳаражатлардан ташқари 40-45 миллион сўм соф даромад олаётган Янгибой ака Қурбониёзов оиласининг моддий таъминотини кўтаришга эришган моҳир томорқачи деҳқонлардан бири ҳисобланади. У фарзандлари билан ишнинг кўзини билиб, меҳнатдан қочмай, томорқасидан унумли фойдаланиб, баракага эришмоқда.
Қиличбойлик Бахтиёр Манглиев ҳам тажрибали томорқачилардан бири. У 25 сотих томорқасида, 2 сотих помидор, 1 сотих бодринг, 2 сотих картошка, 5 сотих пиёз, шунингдек, турли кўкатлар ҳамда 15 сотих ерда боғ ўстириб, ҳам оиласи, ҳам эл-юрт дастурхонига файз-барака киритаётганлардан бири.

У томорқасида асосий экин турларидан бўшаган 10 сотих майдонга карам ва картошка экиб, улардан ҳам мўл ҳосил етиштириб келмоқда. Шунингдек, сабзавот маҳсулотлари кўчатлари етиштириш, экинлар кетма-кетлигини тўғри йўлга қўйиш, ўз вақтида ишлов бериб, тупроқ унумдорлигини оширишда ўз шахсий тажрибасига эга.
Томорқа деҳқончилиги бўйича оилавий тадбиркорликни ҳам йўлга қўйиб, ҳар йили 200 тупдан зиёд мевали дарахт кўчатлари етиштиради. Деярли 8 йилдан буён эрта баҳорда 5 сотих ерда мевали дарахт кўчатларини етиштириб, туман маркази, Нукус шаҳри бозорларига сотишни йўлга қўйган. Шунингдек, Бахтиёр Манглиев овулдаги кам таъминланган оилаларга бепул кўчатлар етказиб бериб келмоқда.
Ишнинг кўзини, ернинг тилини билган моҳир томорқачи Бахтиёр Манглиев оиласи ризқини хориж давлатларига чиқиб изламади, у ўз уйида, оиласи бағрида, фарзандлари билан ҳамжиҳатликда мўл-кўл даромад манбаини яратди. Моҳир томорқачи оила эҳтиёжлари учун зарур харидлардан ташқари йилига 40-45 млн. сўм соф даромад олади.
Айни дамда, қиш эшик қоқаётган паллада ҳам: “Ер ҳайдасанг, куз ҳайда, куз ҳайдамасанг, юз ҳайда” деган халқимизнинг ибратли мақолига амал қилган амударёлик моҳир томорқачилар далада – томорқа хўжаликларида кеч кузги ҳосилни йиғиштириб олиш, эҳтиёжларидан ортганини бозорга йўналтиришдан ташқари, ерларини шудгорлаш каби кузги-қишги агротехник тадбирларни амалга оширмоқдалар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶