БОШ ҚОМУСИМИЗ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАНТАНАЛИ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Ҳар бир давлат ўзининг тараққиёт ва ривожланиш йўлини ўзининг Асосий Қонунида мустаҳкамлаб қўяди. 1992 йилнинг 8 декабрида республика Олий Кенгашининг сессиясида мустақил давлатимизнинг Асосий қонуни – Конституцияси қабул қилинган эди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврларида Қабул қилинган Конституциямизда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатлари белгилаб берилган.
Бош Қомусимиз жинси, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, юртимизда истиқомат қилувчи барча фуқароларни тенглигининг кафолатланишини эътироф этади.
Шу боисдан Асосий Қонунимизни улуғлаб, ҳар томонлама чуқур ўрганиб, унга изчил амал қилиш барчанинг шарафли бурчидир.
Фуқаролар эркин, бахтли ва осойишта яшаши, муносиб шароитларда меҳнат қилиши, кексайган чоғида ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқлари кафолати ҳисобланмиш Конституциямиз қабул қилинган кун ҳар йили юртимизда улкан танталар билан нишонланади.
Жорий йилнинг 7 декабрь куни туман Маданият бўлими томошалар залида “Конституция – бахтимиз пойдевори” деб номланган тадбир ҳам айнан ушбу санага бағишланди.
Тадбирга туман ҳокимлиги масъул ходимлари, ҳуқуқий муҳофаза қилувчи органлари, корхона, ташкилотлар раҳбарлари, меҳнатда улкан ютуқларга эришаётган ёшлар, жамоатчилик фаоллари таклиф этилди.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдошев сўзга чиқиб, мамлакатимизда нишонланаётган муҳим сана – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги билан барчани қизғин қутлади ва мамлакатимизда истиқомат қилаётган фуқаролар ҳаётида ушбу муҳим ҳужжатнинг нечоғлик улкан аҳамиятга эга эканлиги хусусида гапирди. Барчани шундай тинч ва осойишта, дориломон ҳаётни қадрлаб, ўзаро аҳилликда яшашга чақирди, бугунги юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, уларда фидойилик билан иштирок этишга чақирди.
Шундан сўнг туман Адлия бўлими бошлиғи Мўъминжон Матюсупов сўзга чиқиб, йиғилганларни юртимиз тараққиётининг пойдевори, тинч ва фаровон кунларимиз асоси бўлган асосий қонунимиз – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами билан қизғин қутлади.
Шундан сўнг Ўзбекистон Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради ва байрам тантаналари бошланди.
Бош Қомусимиз – бу истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи ва тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамияти истиқболини белгилаб берувчи дастуриламал ҳужжатдир.
Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қиёфаси, одамларимизнинг дунёқараши бутунлай ўзгаргани, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизнинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.
Ана шу улкан салоҳиятга таяниб, халқимиз бугунги кунда мураккаб синовларни мардона енгиб, юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.
Байрам тадбиридаги мусиқий дастурдан ўрин олган юртимизни, бахтиёр ҳаётни, тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, рақслар барчага завқ бағишлади.
Туман Маданият бўлими ходими Насиба Эшчанова сценарийси асосида тайёрланган байрам дастури иштирокчиларга манзур бўлди.
Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган байрам тадбирлари тумандаги муассаса, корхона ва ташкилотларда, овул ва маҳаллаларда давом этмоқда.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶