Ғалла экиш мавсуми бошланиши муносабати билан кўргазмали семинар ўтказилди
Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимиз дастурхонини сифатли ва арзон нон маҳсулотлари билан тўлдириш мақсадида ғаллачилик соҳасига доимий равишда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳар бир қарич ердан унумли ва оқилона фойдаланиш, илғор агротехнологияларни амалиётга кенг татбиқ этиш ҳамда мўл ҳосил яратиш – бугунги кун деҳқонлари олдидаги энг долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда, жойларда бўлғуси ҳосил пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим тадбирлар қизғин давом этмоқда. Хусусан, Амударё туманида 2027 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш мавсумига тайёргарлик ишлари доирасида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Тадбир Амударё туманининг Оқ олтин овули ҳудудида жойлашган "Якубова Гавҳар" фермер хўжалиги майдонларида бўлиб ўтди. Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири Комилжон Айтбаев, Ўзагроинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Ерполат Қайипбергенов ҳамда туман ҳокими Собир Хўжаметовлар иштирок этиб, мавсум олдидан бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, тадбирда кўплаб соҳа мутахассислари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари қатнашиб, ўзаро тажриба алмашдилар.
Тадбир давомида кузги буғдой экинларини мақбул муддатларда экиш масаласи кун тартибидаги энг асосий мавзулардан бирига айланди. Мутахассислар томонидан ерга сифатли ишлов бериш, ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос келувчи уруғни тўғри танлаш ҳамда экиш меъёрларига қатъий амал қилиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Чунки, уруғ қадаш жараёнидаги ҳар бир кичик деталь келажакдаги ҳосилдорликка бевосита таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, экинларнинг дастлабки ривожланиш даврида агротехник талаблар асосида парваришлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, муҳим кўрсатмалар берилди.
Семинарнинг энг аҳамиятли қисми эса, шубҳасиз, амалий машғулотлар бўлди. Дала майдонида фермер хўжалиги мисолида ғалла экиш ишлари амалий жиҳатдан кўрсатиб берилди. Бунда ерга уруғ қадаш жараёнида техникалардан унумли ва тўғри фойдаланиш жиҳатлари намойиш этилди. Мутахассислар юқори ва сифатли ҳосил етиштириш учун замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш бўйича ўзларининг қимматли тавсияларини фермерларга етказишди.
Тадбирда барча масалалар атрофлича таҳлил қилиниб, ғалла экиш мавсумини юқори савияда ва уюшқоқлик билан ташкил этиш режалари белгилаб олинди. Мутасадди раҳбарларга белгиланган агротехник муддатларда экиш ишларини сифатли якунлаш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Зеро, бугунги меҳнат ва тўғри ташланган қадамлар келгуси йилги ҳосилнинг мўл ва баракали бўлишини таъминлайди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶