ФУҚАРОЛАР ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ КОНСТИТУЦИЯМИЗ ҲИМОЯСИДА
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунинг натижасида жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар ҳар бир инсонда ўзи ва оиласининг келажагига бўлган ишонч ҳиссини мустаҳкамламоқда.
Фуқароларимиз давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлардан фойдаланибгина қолмасдан, айрим масалаларда ўзлари ҳам ислоҳотлар ташаббускори бўлмоқда. Айниқса, бу борада ахборот технологияларининг ривожланиши, давлат идораларида очиқлик ва шаффофлик тамойилининг йўлга қўйилгани фуқароларимизнинг Конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда кенг имкониятлар яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли қарорлар қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Мазкур қарор билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон — «E-qaror» тизими ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ қилинди.
Конституциямизнинг 35-моддасига кўра ҳар бир шахсга бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Қомусимизда аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги қатъий белгилаб қўйилган.
Мазкур модданинг ҳаётий ижросини таъминлашда бошқа идора ва ташкилотлар сингари Амударё туман Адлия бўлими ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, бўлимга келиб тушган мурожаатлар асосида 60 дан ортиқ фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларида судларга даъво аризалар киритилди. Қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан қилинган бу чора-тадбирлар натижасида фуқароларнинг кўпгина Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланди. Масалан, 2 ёшгача нафақа пулларини тўлиқ олмаган 7 нафар оналарнинг нафақа пуллари ундириб берилди. Суд ҳал қилув қарори билан бир нафар чақалоқнинг ўз вақтида олмаган туғилиш гувоҳномасини олиб беришга эришилди.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Амударё туман бўлимида ўтказилган ўрганиш давомида фуқаро С.А.нинг пенсия миқдори кам миқдорда тўлаб келинаётгани аниқланиб, қонунбузилиш ҳолати бартараф қилинди.
Ўрганишлар давомида шунингдек, фуқароларни нотўғри тарзда солиққа тортиш ҳоллари, электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузгани учун белгиланган меъёрдан ортиқча жарима ҳисоблаш, давлат томонидан ажратилган субсидияларни ўз вақтида тўламаслик каби ҳолатлар ҳам учраб, бу юзасидан мутасадди идораларга тақдимномалар киритилиб, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасида давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши кераклиги қатъий белгиланган.
Фурсатдан фойдаланиб, туман Адлия бўлими ходимлари Конституциямизнинг 29 йиллиги байрами билан барча юртдошларимизни самимий муборакбод этиб қолади.
М.Матюсупов,
туман Адлия бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶