“ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ФОРУМИ – 2021”: АМУДАРЁ ТУМАНИДАГИ ТАДБИРЛАРДА ЁШЛАР ФАОЛ ИШТИРОК ЭТДИ
Юртимизда ёшларнинг ғоя ва таклифларини эшитиш учун майдон яратиш, замон қаҳрамонларини кашф этиш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мамлакатдаги янгиланишларга фаол жалб қилиш мақсадида 18 декабрдан 25 декабргача «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» бўлиб ўтиши маълум қилинган эди. Шунга кўра мамлакатимизнинг барча ҳудудларида форум доирасидаги тадбирларга ёшларни жалб қилиш ишлари бошлаб юборилди.
Амударё туманида ҳам ёшларни ушбу форумга жалб этишга бағишланган тадбирлар ташкил этилди ва уларда ёшларнинг фаол иштироки таъминланди.
15 декабрь куни бўлиб ўтган ушбу тадбирлар дастлаб Дўстлик маҳалласидан “Соғлом турмуш учун 5000 қадам” оммавий пиёда юриш акцияси билан бошланди. Кўтаринки кайфият билан бошланган тадбирда туман Туризм ва спорт бўлими, Тиббиёт бирлашмаси, Ички ишлар, Маданият, Халқ таълими бўлимлари, умумтаълим мактабларидан 500 нафарга яқин ходимлар ва ёшлар иштирок этишди. Ҳокимлик биносига карнай-сурнай садолари остида етиб келган акция иштирокчилари саломатлик машғулотлари, жисмоний тарбия машқларини бажаришди.
Шундан сўнг, ёшлар туман ҳокимлиги биноси олдида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳарбий оркестр ҳамда фахрий қоровул қисми, тумандаги ДХХ чегара қўшинларига қарашли 9202 ҳарбий қисм ҳарбийлари, туман Маданият бўлими, Халқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган оркестр ва ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишларини томоша қилиш учун ташриф буюрдилар. Ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар, хизмат ҳайвонларини ёшлар жуда катта қизиқиш билан томоша қилдилар. Ҳарбий хизматчилар уларга қуролларни қисмларга ажратиш ва йиғиш тартиби, хизмат ҳайвонларини боқиш ва уларни жанговарликка тайёрлаш ҳақида батафсил тушунчалар беришди. Ёшлар ҳарбий ансамбль, оркестр ижросидаги ҳарбийча куй ва қўшиқларни мароқ билан тинглаб, композицион дастурларни томоша қилдилар.
Бир гуруҳ фаол ёшлар Олмазор маҳалласидаги Ёшларлар боғига ташриф буюриб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 туп дарахт кўчатларини экишди. Ушбу эзгу ва хайрли ишларда 50 нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар. Маълумки, лойиҳа доирасидаги кўчат экиш ишларида ёшлар ҳамжиҳатликда иштирок этишмоқда. Яқинда туманнинг Бобур номли овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 760-контурдан 3 гектар ерга Ёшлар агентлиги туман бўлими ходимлари, фаол ёшлар иштирокида 6 минг тупдан зиёд тут кўчатлари ўтқазилиб, янги тутзор барпо этилди. Янги тутзордаги ниҳолларни ёшлар астойдил парвариш қилиб, муҳим агротехник тадбирларни амалга оширишди.
Тадбирлар Янгиобод маҳалласи ҳудудида жойлашган сунъий қопламали мини футбол стадионида давом эттирилиб, туман Туризм ва спорт, Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан спортнинг футбол тури бўйича мусобақалар ташкил қилинди. Мусобақаларда тумандаги 50 нафар спортсевар ёшлар иштирок этиб, маҳоратларини намойиш этдилар. Қизғин ўтган мусобақаларда ғолиб бўлган жамоа ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқлар ва совғалар билан рағбатлантирилди.
Кўтаринки кайфиятда ўтаётган тадбир иштирокчилари туман Маданият маркази фойесида ташкил этилган “Беш ташаббус” кўргазмасига ташриф буюришди. Кўргазмада умумтаълим ва касб-ҳунар мактабларида таҳсил олаётган ёшларнинг беш ташаббус доирасида амалга ошираётган ишлари, яъни ёш қаламкашлар томонидан чизилган суратлар, чевар қизлар тиккан юмшоқ ўйинчоқлар, турли кийимлар намойиш этилди. Ёш китобхонлар учун китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, уларга турфа ва қизиқарли китоблар ҳақида маълумотлар берилди. Бундай китоблардан баҳраманд бўлиш учун тумандаги Ахборот кутубхона марказига аъзо бўлиш кераклиги тушунтирилиб, истак билдирган китобхон ёшлар мазкур масканга таклиф этилди.
Шундан сўнг, тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзусидаги маҳорат дарсига таклиф этилди. Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази туман бўлими томонидан ташкил қилинган ушбу тадбирда таниқли, ўз соҳасида юксак натижаларга эришаётган тадбиркор - "KUSHMAG" брендининг асосчиси Марат Кумеков томонидан ёшларга бизнес сирлари ҳақида маълумотлар берилиб, тушунчалари кенгайтирилди. Қизғин кечган дарс давомида тижорат банкларидан кредит олиш, турли йўналишдаги тадбиркорликни йўлга қўйиш кабилар бўйича ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди.
Маданият марказида миллий либослар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Кўргазмада ёш дизайнерлар томонидан яратилган замонавий бичимдаги миллий ва замонавий либослар намойиш этилди. Ушбу тадбирда ёшлар дизайнерларнинг маҳорати, шарқона қадриятларнинг замонавий кийиниш меъёрлари билан уйғунлиги, кийиниш маданияти, миллий ва замонавий руҳ уйғунлашган бетакрор дидни яққол ҳис қилдилар. Модалар намойиши, замонавий ва миллий либослар кўргазмаси иштирокчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
Форум доирасидаги тадбирлар барча ёшларга ниҳоятда манзур бўлди ва руҳан кўтаринкилик бахш этди.
Жасур Давлетов, Ёшлар агентлиги туман бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶