“КИТОБХОНЛИК ФЕСТИВАЛИ” ОРҚАЛИ БИЛИМ ВА ТАЖРИБАМ МУСТАҲКАМЛАНДИ
Китоб – ақл чироғи, ҳикматлар хазинаси, инсон ҳаётининг безаги, бетакрор маънавий бойлигидир. Шу боис, ҳар йилги анъанага кўра, жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон бўйлаб Китобхонлик фестиваллари ўтказилди. Бу фестиваллар мактаблараро, ҳудудлараро ёш китобхонлар беллашувлари, билимдонлик баҳслари тарзида ташкиллаштирилиб, иштирокчилар сони тобора ошиб бормоқда.
Жорий йилнинг 27 ноябрь санасида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли Республика Болалар кутубхонаси томонидан ташкил этилган “Китобхонлик фестивали” ҳам ёрқин таассуротларга бой бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ёш томошабинлар театрида бўлиб ўтган мазкур фестиваль ҳақиқий китобсеварлар байрамига айланиб кетди. Бетакрор куй-қўшиқлар, театр актёрлари томонидан таниқли ёзувчи ва шоирлар асарлари асосида тайёрланган саҳна кўринишлари Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган китобхон ёшларга олам-олам завқ бағишлади.
Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси Болалар кутубхонаси томонидан ташкил этилган “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ўтказилган кўрик-танловлар ғолиблари аниқланиб, тақдирланди.
Ғолиб китобхонларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Рустам Каримжонов, Ўзбекистон Республикаси Болалар кутубхонаси директори Дониёр Ўролов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Шарафатдин Тажимуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Болалар кутубхонаси директори Зулфия Сейтниязова, вилоятлар ҳамда шаҳар Болалар кутубхоналари директорлари иштирок этдилар.
Фестиваль давомида таниқли санъаткорлар ижросидаги концерт дастури ҳам намойиш этилди. Санъаткорлар ўзбек, қорақалпоқ шоирлари, шунингдек, Ўзбекистонда яшаб ижод этаётган бошқа миллатлар ёзувчи ва шоирлари қаламига мансуб шеърлар асосидаги ашулаларни ижро этдилар.
Фестиваль жуда ёрқин таассуротларга бой бўлди. Ушбу фестивалда Амударё тумани ХТБга қарашли мактаб кутубхоналари вакили сифатида иштирок этганимдан мамнунман. Мен мазкур фестиваль орқали китобхонлик мавзусидаги тадбирларни ташкил этиш, ёшлар ўртасида китобхонлик муҳитини яратиш бўйича ўз тажрибаларимни мустаҳкамладим.
Тозахон ҚДИРНИЯЗОВА, 3-сонли мактаб кутубхоначиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶