ЯШИРИН ЦЕХ ТАШКИЛ ҚИЛГАН “ТАДБИРКОР” ФАОЛИЯТИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ
Кўп йиллар давлат ишида ишлаган Моҳигул (исмлар ўзгартирилган) бошқаларга ҳавас қилиб, савдо-сотиққа қўл уриб кўрди. Ўзи яшайдиган жойга яқин бўлган бозорда майда-чуйда сотиб, ҳеч кўнгли тўлмади.
Шундай кунларнинг бирида дорихонадан тиббиёт учун мўлжалланган спирт сотиб олиб, қўлбола ароқ тайёрлаб кўрди. Уйидаги ноутбукда қалбаки акциз маркалар ишлади ва рангли принтерда чиқариб, ароқ шишаларининг қопқоғига ёпиштирди. Қараса бинойидек, ҳақиқийсига ўхшади. Дастлабки тайёрлаган “маҳсулот”ларини озиқ-овқат дўконида савдо қиладиган таниши Дурдонага бериб, “харидоргир”лигини синовдан ўтказди. Шундан сўнг, омади чопиб, унга буюртмалар келиб туша бошлади. Мўмай даромадга эга бўлаётган Моҳигул дарҳол ишга киришди ва керакли жиҳозларни сотиб олиб, ноқонуний тарзда яширин цех ташкил қилди.
Шу тариқа ишга киришиб, 0,5 литр ҳажмдаги 112 шиша ва 0,45 литр ҳажмдаги 68 шиша, жами 180 шишага қўлбола усулда тайёрланган ароқ маҳсулотларини қуйиб, қопқоқ билан ёпди. Ушбу ароқларга давлат стандартларига жавоб бермайдиган қалбаки акциз маркаларни елимлаб ёпиштирди. Қўлбола усулда тайёрланган “Қаратау” ароқ маҳсулотларининг ҳар бир шишасини 18.500 сўмдан жами 3 млн. 330 минг сўмга қонунга хилоф равишда сотди.
Ўзининг ушбу жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 176-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилган Моҳигул “тадбиркор”лигини узоқ давом эттира олмай қўлга олинди. Унинг уйи кўздан кечирилганда 2078 дона қалбаки акциз маркалар топилгани сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 176-моддаси 2-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни ҳам қасддан содир қилганликда айбланди. Осон йўл билан мўмай даромад топишни кўзлаган сохта “тадбиркор” барча жиноятига яраша жазога тортилди.
У.Оразбаева, Нукус шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи терговчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶