“Темир дафтар”даги оилаларга Президент Қарорига кўра бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди
Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш доирасида Амударё туманидаги 49 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 4 та сектор раҳбарлари иштирокида амалий ишлар қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур Қарори азалий бобомерос қадриятларга садоқат, юксак инсонийлик сифатларини ўзида мужассам этган меҳр-оқибат туйғуларининг ҳамиша устуворлигини ифода қилгани билан халқимиз учун муҳим аҳамият касб этди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур Қарорига кўра, мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни давом эттириш, уларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил давомида “Темир дафтар”га киритилган оилаларга, 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларга, шунингдек, 18 ёшгача бўлган болалари учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга 800 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланган эди.
Амударё тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари Улуғбек Худойберганов ўзи раҳбарлик қилаётган сектор ҳудудидаги 12 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи “Темир дафтар” рўйхатида турган, 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларда бўлиб, уларни Янги йил байрами билан табриклади ва Президентимиз Қарорига кўра, 800 минг сўмлик бир марта бериладиган маблағларни ўз эгаларига топширди.
Шунингдек, сектор раҳбари ҳудудлардаги овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи, 18 ёшгача болалари учун ногиронлик нафақаси олувчи оилаларга ҳам ташриф буюриб, имконияти чекланган, кўнгли кемтик болалар ҳолидан хабар олиб, уларга янги йил совғалари билан бирга 800 минг сўмлик бир марталик моддий ёрдам пулларини топширди.
Президентимиз Қарорига кўра амалга оширилган мазкур тадбир давомида моддий ёрдам пулларини ҳақиқий эгаларига ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш мақсадида жараёнга ҳудудлардаги профилактика инспекторлари жалб этилди.
Янги йил байрами арафасида амалга оширилган бу хайрли тадбир ҳаётнинг бемаврид синовлари туфайли бири отасидан, яна бирлари онасидан айрилиб, кўнгиллари ярим бўлиб қолган болаларга, шунингдек, ногиронлиги бўлган болажонларга хуш кайфият, қувонч бағишлади. Уларнинг қалбларида эртанги кунга ишонч, ўзаро меҳр-оқибат, давлатимизнинг юксак инсонпарварлик тамойилларига асосланган ижтимоий-маънавий сиёсатига ҳурмат туйғулари янада мустаҳкамланди. Зеро, инсон ва унинг орзу-интилишлари, ҳаёти мамлакатимизда ҳамиша улуғ ва қадрлидир.
Рисолат ИБРАГИМОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶