ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ ЎЗ ИШИНИ НАМУНАЛИ ТАРЗДА ТАШКИЛ ЭТМОҚДА
Маълумки Президентимиз томонидан “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармон имзоланди. Ушбу фармонга мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб шаҳарча, қишлоқ, овуллардаги ҳар бир маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ва шаҳар ҳокимларининг ёрдамчиси лавозими таъсис этилди.
Ҳоким ёрдамчилари зиммасига аҳолининг бандлик даражасини таъминлаш, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз ёшлар ва аёл-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллада ҳизмат кўрсатиш турларини янада кенгайтириш, тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларга имтиёзли кредит олишда ёрдам беришдек масъулиятли вазифалар юклатилган.
Амударё туманида жойлашган Босув маҳалласига бириктирилган тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокими ёрдамчиси Акбаржон Хўжамуратов ҳам ўз зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “хонадонбай” ўрганиш ишларини бошлаб юборди.
Ҳоким ёрдамчилари иш фаолиятини бошлаганига қисқа муддат, яъни 4-5 кун бўлганига қарамасдан Акбаржон Хўжамуратов томонидан маҳалладаги 70 дан ортиқ ҳонадон хатловдан ўтказилди. Режага кўра, ўрганиш ишлари феврал ойида якунланиб, маҳалланинг ўсиш нуқталари ва ихтисослашуви аниқланади ва йўл харитаси ишлаб чиқилади.
Маълумот учун, Босув маҳалласида жами аҳоли сони 3720 нафар бўлиб, шундан 1842 нафарини аёллар, 1655 нафарини ёшлар ташкил этади. Ишсиз фуқаролар сони 140 нафар.
Маҳалла аҳолиси даромади асосан деҳқончилик, боғдорчилик, паррандачилик ва чорвачиликка ихтисослашган. Шу сабабдан аҳолига иссиқхоналар қуришида, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғилланишида имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилиши бўйича ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси томонидан тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларга лойиҳалар ишлаб чиқишда ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, маҳалла ҳудудидаги 4-Улуғйўл кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Ўринбой Бобожанов ўз хонадонида мактабгача таълим муассасаси ташкил қилиши учун 200 млн. сўм кредит ажратилишида ёрдам сўраб ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилди.
2-Улуғйўл кўчасида яшовчи фуқаро Бегзод Базарбоевга эса темир эшиклар ва дарвозалар ясаш цехини ташкил этишда ҳуқуқий ёрдам бериш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Яна бир фуқаро – Махсуд Жўраевнинг хонадонида иссиқхона ташкил этиш бўйича чоралар белгиланди ва амалий кўмак кўрсатилмоқда.
Акбаржон Хўжамуратовнинг таъкидлашича, маҳалла аҳолиси азалдан меҳнаткаш ва ҳалол пешона тери орқали даромад топиб келмоқда. Ўзи ҳам Босув маҳалласида туғилиб, вояга етган ҳоким ёрдамчиси олдига қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажариш ва маҳалладошларининг ишончини оқлаш учун бор куч ва билимини сарфлаб ҳаракат қилмоқда.
Ҳоким ёрдамчиларининг зиммасига камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш билан бир қаторда юксак билим ва ташаббускорлик асосида иш олиб бориб, маҳалладошларининг ишончини оқлашдек юксак масъулиятли бурч ва вазифалар юклатилган. Янги тайинланган барча ҳоким ёрдамчиларига бу борада омадлар тилаймиз.
Ф. Эшимбетова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶