ҚУМ ЁП МАҲАЛЛАСИ ОБОД ГЎШАГА АЙЛАНАДИ
Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий инфратузилмаси ривожланиб, шаҳар ва қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этмоқда. Юртимизнинг энг чекка ҳудудлари ҳам охирги йилларда кўркамлашиб, аҳоли учун барча зарур шароитларга эга файзли ва обод масканларга айланиб бормоқда.
Амударё туманида ҳам чекка ҳудудлардаги овул ва маҳаллаларда аҳоли турмуш тарзини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 январдаги маҳаллабай ишлаш ва камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишлар бошлаб юборилди.
Мазкур йилда бу борадаги эзгу ишларни туманнинг олис ҳудуди бўлмиш Қум ёп маҳалласида амалга ошириш режага киритилган.
28 январь куни туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида маҳалла ҳудудида бўлди.
Тумандаги ижтимоий муҳити қониқарсиз деб топилган Қум ёп маҳалласи ҳудудида Қум ёп, Қарағай, Жумабай саға, Бўз ёп аҳоли пунктлари мавжуд. Аҳоли сони эса 4 минг 655 нафарни ташкил қилиб, 710 та хонадонларда яшашади. Шундан 2 та оила “Темир дафтар”да, 143 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари рўйхатида туради.
Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, фаровон ҳаёт кечиришларига имконият яратиш мақсадида ҳудуддаги 9 километр узунликдаги ички йўлларга тош-шағал ётқизиш, 2 та ичимлик суви иншоотини қуриш кабилар кўзда тутилган. Шунингдек, 3 та трансформатор, 8,7 километр узунликдаги электр линияларини таъмирлаш, 55 та янги таянч устунларини ўрнатиш режалаштирилган.
Шу куни эрталаб юк автомобилларида Жумуртов шаҳарчасидаги тош майдалаш ва саралаш заводларидан тош ортиб келиниб, маҳалла ҳудудидаги кўчаларга тош тўшаш ишлари бошланди.
Режага кўра, ҳудуддаги ирригация тармоқлари, яъни ариқ ва зовурлар тозаланади. Кўчалар ободонлаштирилади ҳамда мевали, манзарали дарахтларга шакл берилиб, янгидан кўчатлар ўтқазилади. Аҳоли хонадонлари фасади ва кириш йўлаклари, қўшимча ёрдамчи хўжалик бинолари ва дарахтларни оқлаш ишлари ҳам амалга оширилади.
Айни кунларда ҳудудда бошлаб юборилган ушбу эзгу ишлар аҳолига ниҳоятда кўтаринки руҳ бахш этмоқда. Чунки бу қумёпликлар учун айни муддао, кўпдан кутилган, кўнгилдаги иш бўлмоқда. Маҳалла фуқаролари ҳам тозалик ва ободончилик ишларига бош қўшиб, имкон борича ҳисса қўшишмоқда. Уларнинг фидойилиги ҳудуд чиройига чирой қўшилишига замин яратмоқда.
Ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини янада яхшилаш ва шу асосда аҳоли фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини оширишга қаратилган мазкур амалий қадамлар натижасида бугун туманимиздаги кўплаб маҳалла, кўча ва аҳоли хонадонлари бутунлай янги қиёфа ва чирой касб этмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, туманда бугунги кунда барча маҳаллалар обод гўшаларга, кўркам масканга айланиб, обод, файзли хонадон ва кўчалар сони ортиб бормоқда. Бу халқимизнинг ўз ҳаётига бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка бўлган интилиши кучаяётганидан дарак беради. Зеро, ободлик бор жойда, файзу-барака, ривожланиш бўлади.
О.Худойберганова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶