ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ СУД ҲИМОЯСИНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг ҳақиқий маънодаги мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва одил судловни амалга ошириш, халқнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
Ислоҳатлар натижасида маъмурий судларнинг очилиши мухим қадам бўлиб, олдин Ўзбекистон суд тизимида мавжуд бўлмаган фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг давлат бошқарув органлари, идоравий норматив ҳужжатлар устидан судга шикоят қилиш, бир сўз билан айтганда, фуқаролар маъмурий органлар қарорларининг қонунийлиги юзасидан низолашадиган бўлди. Маъмурий судлар томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини бузувчи маъмурий органлар қарорларини ҳақиқий эмас деб, маъмурий органлар мансабдор шахсларининг хатти ҳаракатларини қонунга хилоф деб топилиб келинди.
Президентимизнинг «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» ПҚ-107-сонли қарори қабул килиниши маъмурий судлар фаолиятини мустаҳкамловчи муҳим ҳужжат бўлди.
Қарорнинг қабул қилиниши билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳуқуқбузувчи маъмурий органларнинг ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб, маъмурий орган мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб гина қолинмасдан, мазкур қарор, хатти-ҳаракат (ҳаракатсизлик) оқибатида бузилган ҳуқуқлар қонунда белгиланган барча усулларда тикланади. Шу мақсадда ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низо билан бирга унинг оқибатида келиб чиққан зарарни ундириш талаби билан ҳам маъмурий судга тақдим этиши ва бундай талабларни кўриб чиқиш маъмурий судлар ваколатига ўтказилади.
Шунингдек, қарорда маъмурий суд ишларини юритиш «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга оширилиши, яъни маъмурий судлар ишнинг ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган тарафнинг эса далилларни йиғишда имконият даражасида иштирок этишига шароит яратиши белгиланган. Бундан маъмурий органларга ўз қарорларининг, мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини исботлаб бериш мажбуриятини юкланади.
Суд қарорлари ўзининг ижроси билан аҳамиятлидир. Лекин амалиётда маъмурий органлар томонидан ҳамма вақт ҳам суд қарорларининг ижросини тўлиқ таъминламаётганлиги кўплаб фуқаролар ва тадбиркорларнинг норозиликларини келтириб чиқармоқда. Президентимиз қарори билан маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда уларга таъсир чораси сифатида суд жарималарини қўллаш, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўлланиши муаммонинг ечими бўлади. Натижада фуқаролар ва тадбикорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тиклаш ҳақидаги суд қарорларининг тўлиқ ижро қилинишига эришилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг қарори маъмурий судларнинг бугунги демократик жамиятда инсон қадрининг улуғланишида ўрни аҳамиятлидир. Судлар томонидан қонунда белгиланган барча усуллардан фойдаланиб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг барча ҳуқуқларининг ҳимоя қилинибгина қолмасдан, тўлиқ тикланишини кафолатловчи муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
Р.Худайберганова,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶