56-сонли мактабда давра суҳбати ўтказилди
Туманимизда фаолият юритаётган “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан эълон қилинган “Ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” лойиҳасининг календарь режаси бўйича жойларда адабий-бадиий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда. Овул ва маҳаллалар фуқаролар йиғинларида, мактабларда ва бошқа жамоат жойларида ўтказилаётган учрашувларда ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга оид масалалар муҳокама қилинмоқда.
Айниқса “Оилада фарзанд тарбиясининг аҳамияти, ёшларни зарарли иллатлар ва турли иллатлардан ҳимоя қилишда ота-оналар ва маҳалланинг ўрни”, “Ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, шу орқали уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик ва зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш”, “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб қилиш” мавзуларидаги суҳбатлар барчада бирдек қизиқиш уйғотмоқда.
Бу давра суҳбатларида маҳалла фаоллари, имомлар, маънавият тарғиботчилари, шифокорлар, ижодкорларнинг иштирок этиши олиб борилаётган тушунтириш ишларининг янада самарали бўлишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Ташкилот томонидан навбатдаги давра суҳбати Манғит шаҳридаги Дурунки маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди.
“Оилада фарзанд тарбиясининг аҳамияти, ёшларни зарарли иллатлар ва турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилишда ота-оналар ва маҳалланинг ўрни” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида маҳалла фаоллари, имомлар, маънавият тарғиботчилари, 56-сонли умумтаълим мактабининг ўқитувчилари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини Дурунки маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Жуманиёзов кириш сўзи билан очди ҳамда маҳалла ҳудудида ёшлар тарбиясига оид олиб борилаётган ишлар, ёшлар орасида бандлигини таъминлаш, уларга ҳар томонлама моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
“Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Ўрозали Рейимов ўз сўзида ташкилот томонидан эълон қилинган грант лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар ва улардан кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритди. Лойиҳанинг асосий вазифаси ёшлар маънавиятини юксалтириш, туманимиздаги ижодкор ёшларга кенг имкониятлар йўлини очиб бериш учун туманимизда барча шароитлар мавжуд. Туманда “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталари, amunews.uz веб-сайти ҳамда Амударё телевидениеси мунтазам равишда ижодкор ёшларни элга танитиб келмоқда. Бундан ташқари “Тараққиёт кўзгуси” газетаси қошидаги нашриётда икки йилдан буён туманимиз ижодкорларининг китоблари чоп этилмоқда.
Фахрий журналист Алламберган Жуманиёзов ҳам ўз сўзида ёш ижодкорларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида гапириб ўтди.
Дурунки маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори Жақсилиқ Атаниязов маҳаллада осойишталигини сақлаш, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб, барчани осойишталикни сақлашда фаол бўлишга чақирди.
Маҳалла ҳудудида яқинда иш бошлаган ҳоким ёрдамчиси Сарварбек Комилжонов ёшларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш борасидаги иш режалари билан барчани таништирди. Йиғилганлар ўзиларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олдилар.
Ўрозали Реимов

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶