ДИЙДОР КЎРИШМАГАН ИККИ БУЮК ҚАЛБ
Алишер Навоий ўзигача яшаб ўтган улуғ шоирлар ‒ Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавийларнинг «Хамса» асарига жавоб тариқасида ўзининг туркий тилдаги «Хамса»сининг биринчи достонини ёзган йили олис Мовароуннаҳрда, Фарғона водийсида яна бир буюк шоир — Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилди. Бобур Мирзо қонида шоҳларга хос мардлик ва шижоат бор эди, бироқ унга шоирона қалб ҳам ато этилганди.
Ҳукмдор бўлмиш отаси Умаршайх Мирзонинг бевақт вафоти туфайли унга эрта билан тахтга ўтиришга, ўз беқарор замонининг ҳокимият талашиб, мамлакатни инқироз ва тангликка олиб келган темурий шаҳзодалари орасида салтанат юритишига тўғри келган эди. Сиёсат майдонига чиқиб, ички курашлар авж олган вақтда Самарқандни иккинчи бор қўлга киритади. Шунда унга Навоийдан мактуб келади. Буни Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида шундай ёзади: «Ушбу иккинчи навбат Самарқандни олганимизда Алишербек тирик эди. Бир навбат менга мактуби ҳам келган эди. Мен ҳам бир мактуб юбориб эдим: орқасида туркий байт айтиб, битиб юбориб эдим».
Балки Алишер Навоий ёш Бобур тимсолида элни тинч ва осойишта замонга олиб чиқишга қодир эзгу бир кучни кўргандир? Чунки ўзи бу пайтга келиб кексайган, давлат ишларидан тамоман истеъфога чиққан, «Мажолис ун-нафоис» тазкирасига Хуросон ва мовароуннаҳрлик шоирлар ижодидан шеърлар тўплаётган эди. Улар мактуб орқали дийдорлашдилар. Аммо «жавоб келгунча ғавғо-тўполонлар бўлди», дея «Бобурнома»да ёзган эди муаллиф. Чунки Бобур иккинчи бор Самарқандни Шайбонийхонга топширишга мажбур бўлган эди. Бу орада Навоий ҳазратлари вафот этадилар.
Орадан кўп вақт ўтмай, Бобур салтанат учун курашларда мағлублик аламини чекиб, Хуросонга кетишга мажбур бўлди. Мовароуннаҳрни қўлга киритган Шайбонийхон энди Хуросон томонга юриш қила бошлайди. Бу пайтда Қобулни эгаллаб турган Бобурни Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари умумий душманга қарши иттифоқда курашиш учун Ҳиротга чақирадилар. Уни Бойқаронинг ўғли Бадиуззамон кутиб олади, Навоий яшаган уйга жойлаштиради. Бобур бу ҳақида «Бобурнома»да шундай ёзади: «Эртаси эрталаб келиб Боғи Навда тушдим. Боғи Навда бир кеча бўлдим. Уни муносиб кўрмай, Алишербекнинг уйларини тайин қилдилар. Ҳиротдан кетгунча Алишербекнинг уйларида эдим». Бобур Ҳиротда ўтказган 20 кун мобайнида Султон Ҳусайн мирзонинг хонақоҳидан бошқа ҳамма жойни, жумладан, «Алишербекнинг «Унсия» аталмиш уйларини, «Қудсия» номли мақбара ва масжиди Жомеъни, «Халосия» ва «Ихлосия» ҳаммомларини, «Сафоия» ва «Шифоия» аталмиш шифохоналарини» бориб кўрганини ёзади. Ёш Бобур анча йиллар олдин ўзига хат ёзган, эҳтиром ила ёдида сақлайдиган киши яшаган уй, у яшаган жойда турарди, бироқ энди унинг ўзи ҳаётда йўқ, аммо у барпо этган бино ва иморатлар, боғларда улуғ шоир қалбидаги эзгулик ва гўзаллик акс этиб турар эди.
«Бобурнома»да Алишер Навоий тилга олинган ўринлар кўп, Бобур бу зот ҳақида ёзар экан, ҳурмат ва эҳтиром билан ёндашади. Тарихимиз саҳифаларидан мангу ўрин эгаллаган бу икки буюк зотнинг дийдор кўришмоқликлари насиб этмади, бироқ фано боғидаги кекса дарахт билан ёш ниҳолнинг орасида эсган насим қисқа бўлса-да, бир-бирларини қалбдан англаб етганликлари шубҳасиз.
Сирож Олимов, 30-сонли мактабнинг ижодий-маданий
масалалар бўйича тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶