Ҳамкорлик – яхши натижалар омили
Жорий йилнинг 5 февраль куни 56-сонли мактаб ҳузурида фаолият кўрсатаётган “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиб, унда жамоат Кенгаши аъзолари ва Манғит шаҳрида жойлашган бир қатор таълим муассасалари вакиллари иштирок этдилар.
Ушбу йиғилишда бугунги кунда долзарб бўлган – “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини янада такомиллаштириш масаласи муҳокама этилди.
Йиғилишда мактаб директори, жамоат Кенгаши раиси А.Худайберганова кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.
Музокараларда жамоат Кенгаши аъзоси, Дурунки маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар, ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Г.Мингбоева, жамоат Кенгаши аъзоси, мактабнинг ота-оналар қўмитаси раиси Г.Салаева, жамоат Кенгаши аъзоси, ота-оналар вакили О.Қаюпова, 1-сонли мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Г.Мадраҳимова, жамоат Кенгаши аъзоси, шифокор М.Ҳусаинова, жамоат Кенгаши аъзоси, мактаб психологи Д.Йўлдошев, 8-сонли мактабгача таълим муассасаси ходими М.Алламберганова ва жамоат Кенгаши аъзоси, синф раҳбари С.Юсуповалар иштирок этдилар.
* * *
Биз йиғилиш иштирокчилари билан суҳбатда бўлиб, уларга муҳокама этилган масала юзасидан қатор саволлар билан мурожаат этдик. Қуйида ана шу савол-жавоблар мазмуни билан танишасиз.
Мухбир: - Сиз бугун қўшни мактаб вакили сифатида 56-сонли мактабда “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини янада такомиллаштириш масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда иштирок этдингиз. Ушбу йиғилиш ҳақида ва мактаб жамоасининг ташаббускорлик ҳаракатлари тўғрисида қандай фикр билдирасиз?

Гулистон МадраҲимова, 1-сонли мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари:
- Тўғрисини айтишим керак, биз ўтган ўқув йили якунига кўра умумтаълим мактабларида вариатив ўқув режалар асосида ташкил этилган синфлар ўқувчиларининг олий ўқув юртларига қабул қилиниши борасидаги натижаларга кўра 56-сонли мактабнинг Қорақалпоғистон Республикасида биринчи ўринни эгаллаганини эшитиб, мактаб жамоасининг ташаббускорлигига, аҳиллигига ва ишчанлигига қойил қолганмиз.
Таълим соҳаси ходимлари шуни яхши билишадики, оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлигини ташкил этиш осон иш эмас. Бунинг учун ҳақиқий маънодаги жонкуярлик ва фидойилик талаб этилади. Мана шундай машаққатли, аммо хайрли иш бошида ташаббускор сифатида яна шу мактаб жамоасини кўраётганимиздан хурсандмиз.
Бу мактабда оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлиги жамоат Кенгаши таркибини шакллантиришда аъзоларнинг ишчанлиги ва ташаббускорлигига алоҳида эътибор берилган. Шу боисдан ҳам йиғилишда сўзга чиққан жамоат Кенгаши аъзоларининг сўзларидан, таклифларидан уларнинг ёшлар таълим-тарбияси учун ҳақиқий жонкуяр инсонлар эканлиги яққол кўриниб турибди.
Биз бу йиғилишда жамоат кенгаши раиси Арзигул Худайберганованинг “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини янада такомиллаштириш тўғрисидаги маърузасини эшитдик. Маъруза мақсади жамоат Кенгаши аъзоларига ҳамкорлик механизми ҳақида кенгроқ тушунчалар беришдан иборат экан.
Мен 56-сонли мактабда ўтказилган бугунги йиғилишга Манғит шаҳрида жойлашган бир қатор таълим муассасалари вакилларининг ҳам таклиф этилгани яхши иш бўлди, деб ҳисоблайман.
Боиси биз бу йиғилишда иштирок этиб, оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлигида амалга ошириладиган ишлар юзасидан кенгроқ тушунчага эга бўлдик.
Мен маънавий-маърифий ишлар билан шуғулланувчи педагог сифатида 56-сонли мактаб жамоат Кенгаши аъзоларининг “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада такомиллаштириш борасидаги ташаббусларини маъқуллайман ва туман ҳудудидаги бири-бирига яқин жойлашган мактаблар жамоалари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш анъанасини давом эттиришимиз лозим, деб ҳисоблайман.
Мухбир: - Жамоат Кенгаши аъзолари ўртасидаги иш тақсимотида Сизга маҳалла аҳолиси ўртасида аждодларимиз қадриятларига таянган ҳолда оила муқаддаслигини, бутунлигини сақлаш, фарзандларни ватанпарвар, инсонпарвар, юксак эътиқодли, одоб-ахлоқли ва албатта, баркамол этиб тарбиялаш бўйича суҳбатлар ўтказиб бориш вазифаси белгиланган. Сиз бу вазифани қандай амалга оширмоқчисиз?

Омонгул Қаюпова, меҳнат фахрийси, жамоат Кенгаши аъзоси:
– Биз маҳалла нуронийларимиз. Маҳалладаги ҳар бир тўй-маърака ва шунга ўхшаш йиғинлар, албатта, кекса отахонлар-у онахонлар иштирокида ўтади. Биз шундай маросимларда бефойда гурунглар мавзусини оилалар аҳиллигига, фарзандлар тарбиясига бурсак, бунинг нимаси ёмон? Бундай суҳбатлар пайтида, албатта, маҳалладаги тинч-тотув яшаётган намунали оилалар, шундай оилаларнинг “одобли”, “аълочи” ва “энг яхши китобхон” номларини олаётган фарзандлари ҳақида гапирилса, нур устига аъло нур бўлади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор барча қатори биз – нуронийларнинг ҳам қувончимизга қувонч қўшаяпти. Шу боисдан ҳам мен нуроний сифатида маҳалладошларимиз ўртасида, айниқса, ёш оилалар ўртасида фарзандлар тарбияси тўғрисида кенг миқёсда тушунтириш ишларини олиб боришни ният қилганман.
Яратганга шукурлар бўлсин, айни кунда маҳалламизда бири-биридан одобли, тартиб-интизомли, дарс қолдирмайдиган ўқувчи-ёшлар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Биз – маҳалламиз нуронийлари бунга янада кўпроқ ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз.
Мухбир: - Сиз йиғилишда сўзга чиққанингизда ўқувчи-қизларнинг соғлигини мунтазам назорат қилиб бориш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оила бюджетини шакллантириш бўйича билимларини ошириш мақсадида “Қизлар маслаҳатхонаси”, “Ораста қизлар” ва шунга ўхшаш тўгаракларни ташкил этиш таклифини билдирдингиз.
Айтингчи, бу ишга ўзингиз қандай ҳисса қўша оласиз?

Гавҳар Мингбоева, Дурунки МФЙ раисининг оила, хотин-қизлар, ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари, жамоат Кенгаши аъзоси:
– Фуқаролар йиғинида оила, хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича шуғулланадиган ходим сифатида мен маҳалламизда вояга етаётган қизларнинг яхши таълим-тарбия олишлари билан биргаликда уларнинг соғлом бўлишлари ва оилавий ҳаётга ҳам барвақт тайёрланишлари тарафдориман. 14-15 ёшдаги қизларимиз тикувчилик, пазандалик ва шунга ўхшаш оилавий ишлар сирларидан хабардор бўлишса, оилавий ишларда ўз она ёки опаларига қўл-қанот бўлишса, уларнинг келажаги, албатта, яхши бўлади. Шуларни назарда тутган ҳолда мен маҳалламизда “Қизлар маслаҳатхонаси”, “Ораста қизлар” каби тўгаракларни ташкил этиш таклифини билдирганман.
Жамоат Кенгаши аъзолари ўртасидаги иш тақсимотида ҳам менга шунга ўхшаш вазифа – ўқувчи-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-корларга ўргатиш мақсадида маҳаллада тўгараклар ташкил этишга ёрдамлашиш вазифаси топширилган.
Мен маҳалламизда қизлар саломатлигини назорат қилиб бориш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарга ўргатиш, оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишларни амалга ошириш йўлида барча имкониятларим ва куч-ғайратимни аямайман.
Мухбир: - Мактаб ҳузурида ташкил этилган “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат Кенгаши аъзолари ўртасидаги иш тақсимотига кўра Сизга ота-оналар қўмитасининг жамоат Кенгаши билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш орқали ўқувчилар давоматини ва уларнинг тартиб-интизомини яхшилаш вазифаси юклатилган. Бу борадаги ўз режаларингиз қандай?

Гулназира Салаева, мактабнинг ота-оналар қўмитаси раиси, жамоат Кенгаши аъзоси:
– Мен бир неча йиллардан буён мактабнинг ота-оналар қўмитасига раислик қилиб келаман. Биз – қўмита аъзолари биргаликда ота-оналар билан ишлашишни яхши йўлга қўйишга эришганмиз. Шу боисдан ҳам бизнинг ота-оналар билан учрашувларимиз, у ёки бу муаммоларни биргаликда ҳал қилиш борасидаги ҳаракатларимиз яхши самара бераяпти.
Биз қўмита йиғилишларида мактаб раҳбарияти томонидан ўқувчилар давомати ва бошқа масалалар юзасидан берилган маълумотларни таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этишнинг чора-ларини кўраяпмиз.
Шуни очиқ айтишим керак, айрим ота-оналаримиз ўз фарзандларининг фақат тартиб-интизомли бўлиб юришлари билан фахрланишади. Аммо бундай оилаларда фарзанднинг қандай таълим олаётгани билан ҳеч ким қизиқмайди.
Шу сабабдан ҳам мен жамоат Кенгаши ва ота-оналар қўмитаси ҳамкорлигида маҳалладаги ота-оналар ўртасида ҳар бир ота-она ўз фарзандининг дарс тайёрлашлари, китоб ўқишлари билан қизиқишлари, уларга бу борада кераклигича ёрдам беришлари зарурлиги юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиши керак деб ҳисоблайман.
“Ҳамкорлик яхши натижаларга етаклайди” дейишади. Шу боисдан ҳам биз мактабимиз ҳузурида фаолият кўрсатаётган “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгаши билан ҳамкорлик қилиш режаларини тузаяпмиз.
Мен шуни ишонч билан айта оламанки, биз – ота-оналар қўмитаси аъзолари ҳам, маҳалламиз фаоллари ҳам фарзандларимиз таълим-тарбиясини янада яхшилаш мақсадида фаолият кўрсатаётган жамоат Кенгаши билан ҳамкорлик қилишга ҳамиша тайёрмиз.
Мухбир: - Сиз психолог сифатида мактаб ҳузурида ташкил этилган “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат Кенгашининг бугунги йиғилишига қандай баҳо берасиз ва жамоат кенгашининг фаолиятини янада жонлантиришга қандай ҳисса қўшасиз?

Дониёр Йўлдошев, психолог, жамоат Кенгаши аъзоси:
- Бугунги кунда мактабимизда таълим-тарбия олаётган ёшлар эртага бизнинг қўлимиздан ишимизни оладиган, ҳаётимизни давом эттириб, ўзидан кейинги авлодга етказувчи ворислар эканлиги айни ҳақиқатдир.
Шундай экан, ёш авлод тарбияси билан шуғулланадиган ўзаро чанбарчас боғлиқ уч омил – оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эгадир.
Бундай тарбия тизими асосида юртимизда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини бугунги кунда бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Биз тарбия – туб моҳияти билан жамият кўламида амалга ошириладиган иш эканлигини яхши биламиз. Ҳар бир болага муносабат ота-онанинг ҳам, ўқитувчининг ҳам, жамоатчиликнинг ҳам миллатга, Ватанга бўлган муносабатини акс эттиради. Демак, тарбияни фақат оилага, таълим муассасасига ташлаб қўймай, бутун жамоатчилик ҳамкорлигида иш юритилсагина ўсиб келаётган ёш авлод баркамол, ҳар томонлама етук бўлиб вояга етишади.
Ўйлайманки, бугунги йиғилишимиз ҳам тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича олдимизда турган вазифалар ва муаммоларнинг ечимига оқилона ёндашув бўлиб, барчамизни бир мақсад йўлида бирлаштиради ҳамда “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат Кенгаши фаолиятини кучайтириб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда ўзининг ижобий самарасини беради.
Жамоат Кенгаши аъзолари ўртасидаги иш тақсимотида менга 7-, 8-, 9-, 10- ва 11-синфлар ўқувчилари ўртасида уларнинг қайси касбга қизиқишларини ўрганиш юзасидан суҳбатлар ва сўровномалар ўтказиб бориш ҳамда мактаб ўқувчиларининг Манғит шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм хизматчилари билан учрашувларни ташкил этиш вазифаси топширилган. Мен ушбу вазифаларни албатта бажаришга ҳаракат қиламан.
Мухбир: - Сиз бугунги йиғилишга 56-сонли мактабга қўшни муассаса – 8-сонли мактабгача таълим муассасаси ходими сифатида таклиф этилгансиз.
Айтингчи, шу мактаб ҳузурида ташкил этилган жамоат кенгаши Сизнинг муассасангиз билан ҳамкорлик қилиши мумкинми?

Мавлуда Алламберганова, Дурунки маҳалласида жойлашган 8-сонли мактабгача таълим муассасаси ёрдамчи тарбиячиси:
- Ҳозирги кунда бизнинг муассасамизда жами 209 нафар болажонлар тарбияланаётган бўлиб, улардан 60 нафари келгуси ўқув йилида 1-синфга борадиган болалар ҳисобланади. Биз болаларни мактабга тайёрлаш жараёнида албатта ёнимизда фаолият кўрсатаётан мактаб ўқитувчилари тажрибаларидан фойдаланамиз.
Мен бугун мактаб ҳузурида фаолият кўрсатаётган “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат Кенгаши фаолияти билан танишиб, унинг ўқувчилар таълим-тарбиясини назорат қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қалбан ҳис қилдим. Ўйлайманки, агар биз ушбу жамоат Кенгаши билан ҳамкорлик қилсак, муассасамизга болалар қамровини амалга оширишда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Мен эртага бизнинг болажонларимизни ўз бағрига оладиган 56-сонли мактаб жамоасининг ва шу мактаб ҳузурида фаолият кўрсатаётган жамоат Кенгашининг ишларида муваффақиятлар тилайман.
Мухбир: – Суҳбатимизда иштирок этганингиз учун раҳмат, саломат бўлинг.
Суҳбатдош: журналист Алламберган Жуманиёзов.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶