19-20 февраль кунлари “Яшил макон” акцияси доирасидаги тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилди
Баҳор фасли кириб келишига ҳам саноқли кунлар қолди. Бундай вақтларда инсон ва табиатнинг бир-бирига қанчалик уйғунлиги яққол сезилади. Қишдан сўнг уйғонган борлиқ яна ўз тароватини намоён этгани каби баҳор нафаси сезила бошлаган илк кунларданоқ одамлар яратувчанлик ва бунёдкорлик иштиёқи билан экиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига киришади.
Айниқса, халқимиз онгу тафаккури, турмуш тарзига сингиб кетган қадриятларга кўра, эрта баҳордан ҳашарлар уюштирилиб, ариқ-зовурлар тозаланади, ҳовли-жойлар саришталанади, дарахтларга шакл берилиб, янги умид ва орзулар билан ниҳоллар ўтқазилади.
Президентимиз ташаббуси асосида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, кўчат экиш ишларини уюшқоқлик билан, тизимли равишда ташкил қилиш мақсадида мамлакатимизда 1 мартдан бошлаб “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланади. Тадбир доирасида Амударё тумани бўйича жами 724 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган.
Мазкур тадбир олдидан ерларни кўчат экишга тайёрлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида 19-20 февраль кунлари Республикамизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, туманимизда ҳам “Яшил макон” акцияси уюшқоқлик билан ўтказилди.
Чойкўл овули аҳли ҳам туманнинг бошқа ҳудудлари аҳолиси сингари эрта тонгдан ҳашарга чиқдилар. “Яшил макон” акцияси доирасида ҳудуд фаоллари ва кўнгиллилар иштирокида овул фуқаролар йиғини биноси олдида ободонлаштириш ва кўчат экиш тадбирлари ўтказилди.
Туман ҳокими ўринбосарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими масъуллари ҳашарчиларга ёрдамга келдилар. Акция доирасида биргина Чойкўл овулида 250 тупдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари, мингдан ортиқ манзарали дарахт қаламчалари ўтқазилди. Айниқса, акцияда овул ёшлари уюшқоқлик билан иштирок этиб, ҳашарда жонбозлик кўрсатдилар. Уларнинг ёрдами билан 500 метрдан ортиқ узунликда ариқ ва зовурлар тозаланиб, 40 тоннадан ортиқ маиший чиқиндилар ташкилий равишда чиқариб ташланди. Тушлик пайтида акция иштирокчилари учун дастурхон ёзилиб, ош тортилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 февраль кунги “2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам мамлакатимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш, Наврўз умумхалқ байрами арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида, ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш вазифаси топширилган эди.
19-20 февраль кунлари “Яшил макон” акцияси доирасидаги тадбирлар Амударё туманининг Тўлқин овулида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилди. Тозалаш ва ободонлаштириш ишларига туман “Тоза ҳудуд” корхонаси ва Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-хизматчилари ҳамда техникалари ҳам жалб қилинди. Овул нуронийлари ҳашарга бош-қош бўлиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишларини бошлаб бердилар. Тадбирларга туман ҳокимининг ўринбосарлари, тегишли муассаса ва корхона-ташкилотлар масъуллари ва ходимлари ҳам ўз ҳиссасини қўшдилар. Айниқса, овул ёшлари алоҳида куч-ғайрат билан меҳнат қилиб, ўз маҳалласи ва кўчасининг обод ва файзли бўлишига муносиб ҳисса қўшдилар.
“Яшил макон” акцияси доирасида биргина Тўлқин овулида 300 тупдан зиёд дарахт кўчатлари экилди. Ариқ ва зовурлар тозаланиб, маиший чиқиндилар чиқариб ташланди. Дарахт ва буталар оқланиб, шакл берилди. Бу ишларда жами 100 нафардан зиёд аҳоли иштирок этди.
Тушлик пайтида ҳашарчиларга иссиқ овқат берилиб, санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар янгради. Бир сўз билан айтганда, баҳор фасли кириб келишига саноқли кунлар қолганда ташкил қилинган ушбу акция доирасидаги тадбирлар байрам тусини олди.
Шу ўринда айтиш керакки, “Яшил макон” акцияси ва “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирлари нафақат ўзимиз учун, балки келажак авлод учун ҳам ғамхўрликнинг бир кўринишидир. Зеро, тозалик ва озодалик бор жойда файз-у барака бўлади. Яшил маконлар ва кўкаламзор ҳудудлар эса соғлом турмуш кечиришнинг энг асосий омилларидан биридир.
Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶