БИР АЁЛ ҲАЁТИДАГИ КЎП ЙИЛЛИК МУАММОЛАР ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛДИ
Президентимизнинг тегишли Фармонига кўра мамлакатимизнинг шаҳар-туманларида Адлия бўлимлари ташкил этилиб, фаолиятини бошлагани халқимизнинг орзулари рўёби бўлди десак, адашмаган бўламиз. Чунки ўтган давр мобнайнида бўлимлар аҳолининг оғирини енгил қилиб, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг сўзсиз ҳимоя қилинишини таъминлаб келмоқда.
Шунингдек, адлия бўлимлари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида қонунийликни таъминлаш ва амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиниши доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда, натижаси бўйича таклифлар, таъсир чоралари кўрилмоқда. Янги қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказиш орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалишига ҳисса қўшмоқда, жамиятимизда, давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига эришишга ҳаракат қилинмоқда.
Амударё тумани Адлия бўлимида ҳам фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга, ўз ваколати доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муаммолар ўз вақтида ҳал этилаётганлигини аҳоли ҳақли эътироф этмоқда, бу бўлим нуфузи ошишига хизмат қилмоқда.
Яқинда туманимизнинг Куюк кўпир овулида истиқомат қилувчи фуқаро Умид Галиева фуқаролик паспорти йўқлиги сабабли ногиронлиги бўлса-да, ногиронлик нафақасига чиқа олмаётганини, мазкур масалада ёрдам беришини сўраб бўлимга мурожаат қилган эди. Туман Адлия бўлими ушбу мурожаатни ижобий ҳал қилиш учун туман Ички ишлар бўлимининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасини жалб қилиб, ҳамкорликда Галиева Умид Таджибаевнага шахсини тасдиқловчи ID карта олишга ёрдам берди. Бу билан ушбу фуқаронинг 19 йиллик шахсини тасдиқловчи ҳужжат олиш учун бўлган сарсонлигига чек қўйилди.
Бўлим масъуллари бу билан чекланмади. Чунки ушбу фуқаронинг ногиронлиги бўлса-да, шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқлиги сабаб ногиронлик нафақасига чиқиш масаласи бир неча йилдан бери ҳал этилмай келаётганини инобатга олиб, фуқаро 2-сонли Амударё туманлараро Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига тиббий кўрикка олиб борилди. Қисқа муддатда Умид Галиевага 2-сонли Амударё туманлараро Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг 2022 йил 11 февралдаги хулосаси билан 2-гуруҳ ногиронлиги тайинланди.
Бундан ташқари мурожаатни ўрганиш давомида Умид Галиева шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлиги сабабли турмуш ўртоғи билан қонуний никоҳдан ўта олмаганлиги, катта фарзандининг туғилиш гувоҳномасини эса “ёлғиз она” мақоми билан олишга мажбур бўлганлиги аниқланди.
Туман Адлия бўлимининг аралашуви билан фуқаронинг бу муаммолари ҳам қисқа фурсатда ҳал этилди. Яъни Умид Галиева ва турмуш ўртоғи Қалбай Нураддинов белгиланган тартибда туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида қонуний никоҳдан ўтишди ва уларнинг катта фарзанди Нураддинова Нурсулу Қалбай қизининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг “отаси” графасидаги камчиликлар тўғриланиб, унга Нураддинов Қалбай Саъдуллаевичнинг оталиги белгиланди.
Фуқаро Умид Галиеванинг мурожаатига комплекс ёндошилиб, мурожаати тўлиқ қаноатлантирилди.
Бўлим фаолиятида бунингдек мисоллар жуда кўп. Юртдошларимизни йиллар мобайнида қийнаб келаётган ҳуқуқий муаммолар Адлия бўлими ходимлари томонидан ижобий ҳал қилинмоқда.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶