АЖДОДЛАРИМИЗДАН МЕРОС ҲУНАРМАНДЧИЛИКНИ АРДОҚЛАЁТГАНЛАР
Ҳунармандчилик инсоннинг ишлаб чиқариш фаолияти мобайнида вужудга келиб, жамият ривожланишига монанд тарзда такомиллашиб борган.
Фан-техника юксак тараққий этган ҳозирги даврда ҳам кулолчилик, дурадгорлик, темирчилик, мискарлик, бинокорлик, ўймакорлик, каштачилик, зардўзлик, заргарлик каби кўплаб ҳунармандчилик турлари ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Айниқса халқ ҳунармандчилиги кейинги йилларда бозор қоидалари замирида қайта тикланди, янги ҳунармандчилик корхоналари очилди, турли ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўз фаолиятларини якка тадбиркор, оилавий корхона, кичик корхона тарзида ташкил этишиб, турмуш фаровонлигига ошишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Шунингдек “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, турли маҳсулотлар ишлаб чиқараётган ҳунармандлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.
Манғит шаҳридаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида рассомчилик, ҳайкалтарошлик синфларига таълим бераётган қўли гул уста Акбар Одилов ана шундайлардан бири. У мактабдаги ўқитувчилик фаолияти билан чекланиб қолмай, ўз қизиқишларига кўра, ҳайкалтарошлик билан ҳам шуғуллунади.
У ясаган турли ўйинчоқлар, гултуваклар, ҳар хил безаклар туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотларини безаб турибди. Шунингдек, муҳим саналар муносабати билан туманимизда ўтказиладиган байрам тантаналари, оммавий сайлларда у ясаган ҳайкаллар майдонга ўзгача безак бериб, тадбир руҳини томошабинларга етказишга ҳисса қўшади.
Албатта, Наврўз байрами тантаналарида Деҳқонбобо ва Баҳорой тимсоли, Янги йил тантаналарида Қорбобо, Қорқиз тимсоллари кўпчиликка манзур бўлади. 2013 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомчилик ва дизайн институтини тамомлаган йигитнинг таълим муассасасида олган билими, 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида таълим бериш жараёнида устози, ҳайкалтарош Бозорбой Холимбетовдан ўрганган тажрибалари туфайли у шундай даражага эришди.
Акбар Одилов ўз фаолиятини ривожлантириш мақсадида “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, буюртмаларини ўз вақтида мижозларига етказиб беришга интилади.
Уюшманинг яна бир аъзоси Гулистон Аҳмедова икки йилча вақтдан бери америка толи новдасидан турли шакл ва ҳажмдаги саватларни тўқиб, юртдошларимизга ҳадя этмоқда. Уюшма томонидан етказиб берилган хом ашё-новдани эндиликда ўзлари ҳам етиштиришни режалаштирмоқда.
Гулистон Аҳмедова уй бекаси, ишсиз бўлса-да, аввал ҳам бекор ўтирмасди. Қуроқ кўрпача, ёстиқ жилдлар тикиб, пайпоқ, қўлқоплар тўқиб мижозларига берар, оиласи даромадига ҳисса қўшар эди. Кейинчалик фарзандлари билан интернатда сават тўқиш жараёнини кўриб, қизиқиб қолди.
Шу тариқа “Ҳунарманд” уюшмаси кўмаги билан сават тўқишни ҳам бошлади. У фарзандлари билан мижозлар талабига кўра турли шакл ва ҳажмда саватларни тўқиб, даромадини ошираяпти. Асосан туғилган кунларда, тўйларда дастурхонга мева, ширинликлар, нон солиб қўйиш учун ишлатиладиган саватларнинг бозори чаққон, шу билан бирга меҳнати ҳам машаққатли.
Ўз меҳнатлари маҳсули билан турмушимиз файзига файз қўшаётган фидойи ҳунармандларимиз фаолиятига ривож тилаймиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶