ДАРЁБЎЙИДА НАВРЎЗ ШУКУҲИ
Наврўз – неча асрлардан буён халқимиз улкан шодиёналар билан нишонлайдиган, энг қадимий, миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимиз яққол намоён бўладиган қутлуғ байрамдир. Шарқ тақвими бўйича Янги йил саналмиш бу куннинг мазмуни, таровати, файзи ўзгача.
Бизнинг ҳудудимизда ҳақиқий кўклам Наврўздан бошланади. Табиат уйғониб, чор-атрофнинг жонланиб, яшилликка бурканиши одамлар кўнглига кўчади. Ота-боболаримизнинг “Наврўздан сўнг, қиш бўлмас” деганлари ҳам шундан.
Юртдошларимиз жорий йилги Наврўз байрамини ҳам шод-у хуррамликда, улкан тадориклар билан бошлади.
Дарёбўйи маҳалласида ҳам “Юртимга хуш келдинг, Наврўз!” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ҳудуддаги 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 65-сонли мактаб, 32-сонли мактабгача таълим ташкилоти ходимлари билан ҳамкорликда ташкиллаштирган ушбу тадбирга ўқитувчилар, ўқувчилардан ташқари, ёши улуғ нуроний отахонлар, онахонлар, элга хизмат қилиб обрў-эътибор қозонган меҳнат фидойилари, интилувчан ва иқтидорли ёшлар иштирок этдилар. Меҳмонлар баҳорий таомлар, кўк сомса, сумалак, гўжа, паловлар билан сийланди ва кўнгилочар томошалар намойиш қилинди. 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби иқтидорли ўқувчилари, 32-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ижро этган театрлаштирилган байрам томошалари баҳорни, Наврўзни соғинган юртдошларимизга чексиз завқ-шавқ бағишлади.
Шуниси эътиборлики, шу куни фуқаролар йиғини раиси Маҳмуд Тўлибоев бир гуруҳ фаоллар билан бирга ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга, шунингдек, кексайиб, ҳаракатлари чекланиб қолган нуронийларга Наврўз байрами муносабати билан совға, озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.
Бунингдек азалий қадриятларимизнинг ўз ифодасини топаётгани – Наврўз шукуҳи, қувончи барча юртдошларимизнинг ҳам кўнглига етиб боришига хизмат қилади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶