Тўлқин овули обод қишлоққа айланади
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ўтган 2021 йилга мўлжалланган Парламентга Мурожаатномасида мамлакатимиз аҳолисининг демографик ўзгаришлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишга катта эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини 2022-2026 йилларда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилги давлат дастурига Республикамиз бўйлаб 323 та қишлоқ, 90 та маҳалла киритилди.
Жумладан, Амударё туманидаги “Тўлқин” овули ва “Аёқчи” маҳалласи ҳам мазкур дастурга киритилган бўлиб, ушбу ҳудудларда жами 20 млрд. cўмдан ортиқ қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
2 апрель куни Тўлқин овулида “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишларнинг бошланиши муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, ҳоким ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, корхона ва ташкилотлар масъуллари ҳамда овул фаоллари иштирок этди.
Тадбир давомида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев миқёси ва мазмун жиҳатидан ниҳоятда кенг кўламга эга бўлган “Обод қишлоқ” дастури туфайли аҳолининг яшаш шароити тубдан яхшиланаётганини таъкидлади.
Жорий йилда дастур доирасида Тўлқин овулида ҳам кенг кўламли қурилиши ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Туман ҳокимининг ўринбосари Нодирбек Камолов йиғилганларга Тўлқин овулида дастур доирасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан кенг турда маълумотлар берди.
Тақдимотда келтирилишича, овул ҳудудидаги 24-сонли Мактабгача таълим ташкилоти биноси тўлиқ реконструкция қилиниб, таъмирлаш ишларига 1 млрд 200 млн. сўм маблағ ажратилади. Бундан ташқари, 4 километрдан зиёд узунликдаги газ қувурлари, 19 та газ тақсимлаш пунктлари таъмирланиб, мазкур ишларга салкам 7 ярим млн. сўм пул маблағлари сарфланади.
Ундан ташқари, овулнинг ичимлик суви танқис бўлган ҳудудларига ичимлик суви тармоқларини тортилади. Шунингдек, эскириб қолган яроқсиз симёғочлар ўрнига янги симёғочлар ўрнатилади. Қолаверса, ички йўлларда ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилади. Дастур бўйича амалга ошириладиган вазифаларга керакли куч-воситалар, шунингдек зарур техникалар тўлиқ жалб этилади.
Тақдимот ниҳоясига етгач, туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари ва тегишли ташкилот масъуллари “Яшил макон” акцияси доирасида Тўлқин овул фуқаролар йиғини биноси олдида барпо этилаётган яшил майдонга мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишди.
Овул нуронийлари “Обод қишлоқ” дастурига киритилган Тўлқин овулининг янада обод ва кўркам бўлишида экилган ҳар бир ниҳол катта аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Бугун юртимизда, хусусан туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун муносиб шароитлар яратишдан иборат. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, одамлар юртимизда кечаётган ислоҳотларни яқин келажакда эмас, бугун реал ҳаётида ҳис этиб яшашлари даркордир.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶