1-сонли мактабда ҳуқуқшунослар иштирокида “Конституция – фаровон ҳаётимиз қомуси” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан туман адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш қилиб белгиланди. Қолаверса, “республика - вилоят - туман - маҳалла» тамойили бўйича ҳуқуқий тарғибот олиб бориш ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқларини тушунтириш борасида чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳам вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Амударё туман Адлия бўлими томонидан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, янгидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг аҳоли қатламига етказиш, уларнинг Конституциявий билимларини ошириш бўйича режавий тарғибот тадбирлари амалга оширилиб келинмоқда.
Яқинда Амударё тумани Адлия бўлими бош маслаҳатчиси Жамшид Бекимбетов, етакчи маслаҳатчиси Бахром Собировлар 1-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшлар билан учрашиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида қилинаётган ишлар, ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, янгидан қабул қилинаётган қонунлар юзасидан ҳуқуқий суҳбат ўтказдилар.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Амударё тумани Адлия бўлими бош маслаҳатчиси Жамшид Бекимбетов, ўқувчи-ёшларга Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг халқимиз ҳаётида тутган беқиёс катта ўрни, айниқса, ёшларнинг билим олишлари, ўз соғликларини мустаҳкамлашда малакали тиббий хизматдан фойдаланиш бўйича Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, фарзанднинг ота-она олдидаги, ота-онанинг ўз фарзандлари олдидаги бурч ва мажбуриятлари, гендер тенглик, табиат бойликларига бўлган муносабатлари, бу бойликлардан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган кафолатлар хусусида батафсил маълумот ва тушунчалар берди.
Ўз навбатида тадбир иштирокчилари масъулларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўқувчи-ёшлар томонидан тушган саволларга ҳуқуқшунослар батафсил ва ҳаётий мисоллар асосида жавоблар беришди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур тарғибот тадбири ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий ва конституциявий билимларини янада мустаҳкамлаб, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш имконини берди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶