“ЁШЛАР – НУРОНИЙЛАР НИГОҲИДА” НОМЛИ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Президентимиз томонидан шу йил 15 мартда имзоланган Қарорга мувофиқ мамлакатимизда кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги ижтимоий-иқтисодий тизим яратилди ва шу асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур қарорда маҳаллаларда кексаларнинг ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришга оид нормалар ўз аксини топган.
Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, қадрлаш, ҳурматини жойига қўйиш халқимизнинг азалий қадриятларидандир. Чунки кексалар бугунгидай дориломон кунларимизнинг бунёдкорларидир.
Шу йилнинг 12 апрелида Манғит шаҳридаги Хотира майдонида бўлиб ўтган “Ёшлар – нуронийлар нигоҳида” деб номланган уч авлод учрашувида ҳам кекса авлод вакилларига бўлган эҳтиром яққол ифодасини топди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Турсунбой Абдужабборов, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Маъмуржон Шукуров, бошқарма бошлиғи ўринбосари Қадамбой Матниёзов, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, секторлар раҳбарлари ва ҳокимлик масъуллари, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари, тумандаги овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, нуроний кексалар ва ёшлар иштирок этдилар.
Тадбир меҳмонлари карнай-сурнай садолари остида самимий кутиб олинди. Меҳмонлар дастлаб туманимиз овул ва маҳаллаларидаги ҳунармандларнинг меҳнат маҳсули бўлмиш турли маҳсулотлар кўргазмаси, амударёлик ижодкорлар асарлари билан танишдилар. Сўнгра отахон санъаткор, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулмирза Нурматов ва туманимиз ёш санъаткорлари жўровозлигида машҳур “Яшна, яшна Амударём!” қўшиғи янгради.
“Ёшлар – нуронийлар нигоҳида” деб номланган тантанали уч авлод учрашувини туман ҳокими Султонбой Йўлдашев очди ва барча иштирокчиларни қутлуғ рамазон ойи билан қизғин қутлади. У ўз сўзида авлодлар учрашувига бағишланган ушбу тадбирнинг мазкур майдонда ўтказилаётгани ҳам ўзига хос рамзий маънога эгалиги, туман ҳокимлигининг ташаббуси билан қурилган ушбу майдон ва унга туташ бўлган музей халқимизнинг яқин ўтмишини ўзида акс эттиргани билан барчамиз учун қадрли эканлигини таъкидлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Турсунбой Абдужабборов, туман Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раиси ўринбосари Бекман Алламберганов, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими қошидаги “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик Кенгаши раиси, “Баркамол авлод” болалар мактаби директори, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хонимжон Ражабова ҳам бугунги кунда мамлакатимизда кекса авлод вакилларига қаратилаётган эътибор ҳақида, нуронийларнинг ёшларимизни Ватанга фидойи, билимдон ва оқил қилиб тарбиялашда намуна бўлаётганлиги ҳақида тўлқинланиб гапирдилар.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда нуронийларни эъзозлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида қилинаётган ишлар хусусида гапирдилар. Кекса авлод вакиллари маҳаллаларда тиббий хизматлар, ўқувчи-ёшларга таълим-тарбия беришнинг аҳволи ва бошқада соҳаларда жамоатчилик назоратини ўрнатиб, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларни жамият учун фойдали шахсларга айлантириш борасида “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида фаол иш олиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида миллий ўзлигимизни англаш, тарихимизни чуқур ўрганиш, мустақиллигимиз йўлида жонини фидо қилган аждодларимизни хотирлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз, уларнинг ўтмиш хотиралари, босиб ўтган ҳаёт йўли ёшларимиз учун ҳақиқий ибрат мактаби экани эътироф этилди.
Шундан сўнг масъуллар турли соҳаларда ишлаб, туманимиз ижтимоий-иқтисодий равнақига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ меҳнат фахрийларига совғалар топширдилар. Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан 1 нафар нуронийга ногиронлар аравачаси, 3 нафар нуронийга эшитиш мосламаси, 10 нафарига қўлтиқтаёқлар топширилди. Туман ҳокимлиги номидан эса 40 нафар нуронийларга эсдалик совғалари берилди.
Тадбирнинг бадиий қисмини туманимиз ёш санъатсеварлари жўшқин қўшиқлар билан бошлаб беришди. Бадиий гимнастика билан шуғулланаётган бир гуруҳ қизлар иштирокидаги қувноқ рақсдан сўнг саҳнага Шимоли-Ғарбий ҳарбий округ оркестри хонандалари чиқишиб, тинчлик, бахтиёр давронимиз, шу улуғ ва муқаддас Ватанимиз мадҳ этилган жўшқин қўшиқлар куйладилар.
Туманимиз санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар ҳам барчага манзур бўлди.
Шунингдек, тадбир давомида меҳмонлар Гулзор маҳалласида “Бир нуроний – ўн нафар ёшга масъул” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Қайд этиш керакки, Амударё туманида жами кексалар сони 19 минг 895 нафарни ташкил қилади. Шундан 12 минг 872 нафари аёллардир. “Бир нуроний – ўн нафар ёшга масъул” тамойили асосида 49 та маҳаллада яшовчи 70 нафар нуронийлар 490 нафар ёшларга масъул қилиб бириктирилган.
Ўз навбатида ўзгалар парваришига муҳтож, якка-ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 нафар кекса авлод вакиллари ҳолидан доимий хабар олиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида 31 маротаба маданий-маърифий ва соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилиб, тадбирларга 1 минг 36 нафар юртдошларимиз қамраб олинди. Йил бошидан баён 7 та фуқаролар йиғинларида “Уч авлод учрашувлари" ташкил этилиб, тадбирларда 50 нафар нуронийлар ҳамда 325 нафар ёшлар иштирок этдилар.
Шу куни меҳмонлар 82-сонли мактабда ташкил қилинган “Нуронийлар тарбиявий соати”да ҳам иштирок этдилар. Айтиш жоизки, ҳар ҳафтанинг жума куни туманимиз бўйлаб “Нуронийлар тарбиявий соати” давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Давра суҳбатларини жонли мулоқот тарзида ташкил қилиш учун 85 та умумтаълим мактабларига 3 нафардан жами 255 нафар фаол нуронийлар бириктирилган. 82-сонли мактабда ҳам 2 нафар нафақадаги офицерлар, 1 нафар афғон уруши қатнашчиси ҳар жума куни ёшлар билан суҳбатлар уюштириб келмоқда.
“Нуронийлар тарбиявий соати”да бугунги тинч ва осойишта замонамизнинг, эркин ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиб, она Ватанимизнинг тинчлигини кўз қорачиғидай асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани ёшларга ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб келинмоқда.
Ҳар қандай мамлакат тараққиёти фуқароларининг ақл-закоси, юрти учун қилган фидойи меҳнатига боғлиқ. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, нуронийларимиз бугунги бахтиёр замонанинг бунёдкорларидир. Улар ҳар қанча ҳурматга, эътиборга муносибдирлар. “Ёшлар – нуронийлар нигоҳида” деб номланган авлодлар учрашуви бу ҳаёт ҳақиқатини ёшларга етказишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ойгул РАЖАБОВА.
Озода ХУДОЙБЕРГАНОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶