ТУМАНИМИЗ ГИМНАСТИКАЧИ ҚИЗЛАРИ РЕСПУБЛИКА ОЧИҚ ТУРНИРИ ҒОЛИБИ БЎЛИШДИ
Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ёш авлоднинг иродасини мустаҳкамлаб, ўз куч ва имкониятларига ишончини оширмоқда, уларнинг соғлом бўлиб улғайишига асос бўлмоқда.
Вахум аҳоли пунктидаги ўйингоҳда Шаҳодат Ражабова мураббийлик қилаётган бадиий гимнастика тўгарагида ҳудуднинг 50 нафарга яқин ёш қизлари спортнинг ушбу нафис тури билан шуғулланиб, кўпгина ютуқларни қўлга киритишмоқда.
Унинг туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабида фаолиятини бошлаганидан бери нуфузли мусобақаларда ғолибликка эришган, совриндор бўлган шогирдлари кўп. Яқинда Тошкент шаҳрида 2006-2017 йиллар оралиғида туғилган қизлар орасида бадиий гимнастика бўйича “Спорт – нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида бўлиб ўтган республика очиқ биринчилигида 9 нафар шогирдлари иштирок этиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдилар. Улардан Д.Жалғашова, А.Мухторова, З.Қадамбоева, Г.Тўрабоева, Т.Давлатбоевалар жамоавий баҳсларда биринчиликни қўлга киритган бўлсалар, Р.Алимбоева, А.Ўрозбоева, У.Ражабова, М.Шуҳратовалар яккалик баҳсларида тенгдошларидан маҳоратли, эпчил ва салоҳиятли эканликларини намойиш этдилар. Бир-йўла 9 нафар шуғулланувчиларининг айнан бир мусобақада ғолибликка эришгани учун мусобақа ҳакамлари ва ташкилотчилари Ш.Ражабованинг фаолиятига юксак баҳо бериб, уни махсус диплом ва статуэтка билан тақдирлади.
– Ҳар сафар шогирдларимни мусобақаларга олиб борганимда худди ўзим имтиҳон топширадигандай ҳаяжонланаман, улар саҳнага чиққан вақтларида кўзимни узмай кузатаман. Шукурки, меҳнатларим самарасиз кетаётгани йўқ, – дейди Шаҳодат Ражабова қувонч билан.
Биз унинг келгуси ишларида ҳам муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Севара Исмоилова,
ҚДУ талабаси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶