"Жайхун илҳомлари" ННТ грант лойиҳаси доирасида давра суҳбати ўтказилди
Амударё туманида фаолият юритаётган “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган “Ёшлар – янги Ўзбекистон бунёдкорлари” лойиҳасининг календарь режаси бўйича туманнинг барча жойларида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.
Ташкилотнинг асосий мақсади туманимиздаги ижодкор шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, амалий санъат усталарини излаб топиб, уларнинг иқтидорини элга танитиш, ёшларнинг баркамол, маънавий етук инсонлар бўлиб етишишига эришишдир.
Шу мақсадларда ташкилот томонидан мактабларда, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида, корхона ва ташкилотларда ўтказилаётган ҳар бир учрашув ва давра суҳбатларида маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, имомлар, ижодкорлар, маънавият тарғиботчилари иштирок этиб тушунтириш ишларининг самарали бўлишига эришилмоқда.
“Оилада ёшлар тарбиясининг аҳамияти”, “Ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни китобхонликка жалб қилиш”, “Фарзанд тарбиясида ота-оналар ва маҳалланинг ўрни”, “Ёшларни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва бошқа иллатлардан ҳимоя қилиш” мавзуларидаги суҳбатлар барчада катта қизиқиш уйғотмоқда ва бу борада кенг тарзда фикр мулоҳазалар билдирилмоқда.
Ёшларнинг билим ва иқтидорини, фикр-мулоҳазаларини синаш мақсадида ташкилот томонидан мактаб ўқувчилари орасида турли мавзуларда иншолар танловлари ўтказилиб, танлов ғолиблари ва иштирокчилари қимматбаҳо совғалар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланиб келинмоқда.
Навбатдаги “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб қилиш, уларни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилиш” мавзусидаги давра суҳбати туман Халқ таълими бўлимига қарашли 50-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди. Тадбирда шифокорлар, Ички ишлар бўлими ходимлари, фаол ота-оналар, мактабнинг юқори синф ўқувчилари, ўқитувчилар иштирок этишди.
Давра суҳбатини 50-сонли мактаб директори Алишер Эшниёзов кириш сўзи билан очди ҳамда бошқариб борди. У йиғилиш кун тартибидаги барча масалалар юзасидан қатнашувчиларни таништириб ўтди.
“Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилотининг раиси Ўрозали Рейимов ўз сўзида грант лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда улардан кутилаётган натижалар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, бугунги кунда ижодкор ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, уларни қўллаб-қувватлаш, хусусан уларнинг ижод маҳсулларини газеталар ва Амударё телевидениесида ёритиб бориш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Ҳудуддаги 3-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Жаҳонгир Пирмонов сўзга чиқиб соғлом турмуш тарзи кўникмаларини тарғиб қилиш борасида, шунингдек, бу борада кун тартибига қатъий амал қилиб бориш зарурлигини ҳаётий мисоллар орқали ёшларга тушунтириб берди. Соғлом турмуш тарзнинг гарови доимий ҳаракат ва жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиб бориш эканлигини таъкидлаб ўтди.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ҳамда уларни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилиш борасида “Оқ олтин” овул фуқаролар йиғини профилиактика нозири Марат Сипатдинов сўзга чиқиб, бугунги кунда ўқувчи-ёшларнинг турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка йўл қўймасликлари учун Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят тўғриси Кодекси кўрсатилади жавобгарлик ҳақидаги низомлардан мисоллар келтириб, йиғилиш иштирокчиларига маълумотлар бериб ўтди.
Фаол ота-оналар номидан меҳнат фахрийси Зулфия Бекимбетова сўзга чиқиб фарзанд тарбиясида ота-оналар ва ўқитувчилар, маҳалла аҳли бирдек масъул эканлигини алоҳида таъкидлади. Мактабнинг 8 Б-синф ўқувчиси Райҳона Тожибоева эса ўзининг янги ёзган шеърларидан ўқиб берди.
Тадбир сўнгида 50-сонли мактабнинг маънавий маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари Акрам Қурбонбоев мазмунли суҳбатлари учун давра суҳбати ташкилотчиларига мактаб маъмурияти томонидан теран миннатдорчилик билдирди.
Ў.РЕИМОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶