ЯНГИ МИЛЛИЙ ЎҚУВ ДАСТУРИ ДОИРАСИДА ЎҚУВ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ
Кейинги йилларда халқ таълими соҳасига жиддий эътибор қаратилиб, ўсиб келаётган ёш авлоднинг баркамол бўлиб улғайиши, замонавий билимларни пухта ўзлаштиришларига ғамхўрлик кучаймоқда. Таълимга янги инновацион педагогик технологиялар, янги Миллий ўқув дастури жорий этилмоқда. Аввалги ўқув дастурлари мазмуни асосан назариядан иборат бўлган бўлса, янги дастурда эса назария билан амалиёт баравар олиб бориш кўзда тутилган. Аввал ўқувчилар билимини баҳолаш фақат эслаб қолинган билимлар ҳажмини аниқлаган бўлса, эндиликда ўқувчиларда шаклланган кўникмалар эътиборга олинади.
Умумий таълим мактабларида фанлар сони ва ўқув юкламалари оптималлаштирилган, ўқувчилар қизиқишларига кўра фанларни танлаб ўқиш имконини берувчи вариатив ўқув дастурлар асосида ҳаётга ва касбий фаолиятга йўналтирилади. Янги миллий ўқув дастурида фанлардаги мавзулар такрорий эмас, балки бир-бирини мантиқан давом эттирувчи ва соддадан мураккабга томон йўналтирилган тарзда киритилган.
2021-2022 йилида тажриба-синов тариқасида таълимга жорий этилаётган ушбу дастур мамлакатимизда таълим сифати ва натижадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шу йилнинг 19 апрелида Амударё туманидаги 16-сонли умумий ўрта таълим мактабида янги Миллий ўқув дастурини 6-, 7-, 10-синфларда она тили ва адабиёт дарсида амалиётга жорий этишга бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Семинарда туман Халқ таълими бўлими методисти Ўткир Матмуродов, туманимиз мактабларининг она тили ва адабиёт фани бўйича тренер ўқитувчилари Дилноза Иброҳимова, Умида Раҳимбоева ҳамда мактабларнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари иштирок этдилар.
Ўқув семинарда умумий ўрта таълим мактабларида 6-, 7- ва 10-синфлар ўқувчилари учун яратилган Миллий ўқув дастури, дарслик, машқ дафтари, ундаги топшириқлар намуналари, ушбу дастурни таълимга жорий этишдан кутилаётган натижалар ҳақида маърузалар қилинди. Она тили ва адабиёт дарсларида амалга оширилиши лозим бўлган асосий масала – ўқувчида сўзга қизиқиш ва эътибор ҳиссини мунтазам ўстириб бориш, уларга сўзнинг аҳамияти, турли матнларда тутган ўрнини тушунтиришдан иборат бўлмоғи лозимлиги хусусида сўз юритилди. Семинар иштирокчилари амалиётга жорий қилиниши кутилаётган янги она тили ва адабиёт дарсликлари ва ундаги ўзгаришлар хусусида ҳам фикр алмашишди.
Семинар давомида ўқитувчилар билан биргаликда янги дарсликлардан жой олган топшириқлардан намуналар ишланди. Шундан сўнг тажрибали она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари янги Миллий ўқув дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.
Ўқув семинар қизиқарли ва самимий тарзда ўтди, ўқитувчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтирилди.
Албатта, бирон янгиликка қўл уришдан олдин унинг аҳамиятини англаб етиш жуда муҳим. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, мазкур ўқув семинар туманимиз мактабларининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларига янги Миллий ўқув дастури асосида ўқитишнинг мақсад-вазифаларини чуқур етказишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶