62-СОНЛИ МАКТАБДА УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ ЎТКАЗИЛДИ
Амударё туманининг Амир Темур номли овулидаги 62-сонли умумтаълим мактабида тумандаги таниқли устоз-ижодкорлар иштирокидаги уч авлод учрашуви ҳамда амалий фанлар ойлиги доирасидаги тадбирлар ташкил этилди.
19 апрель куни бўлиб ўтган тадбирларга элда таниқли ва ардоқли ижодкорлар Турсунбой Абдуллаев ва Аҳмад Нафасовлар ташриф буюрдилар. Ижодкорлар мактаб ўқувчиларига ўзининг ҳаётий кўникмаларини, ижод сирларини ўқувчиларга қизиқарли тарзда сўзлаб берди.
Устоз-ижодкорлар ҳаётлари ва ижоди, ўз қаламларига мансуб насрий ва шеърий тўпламлари, янги ижод намуналари ҳақида ўқувчиларга сўзлаб бердилар. Учрашув давомида шоир Турсунбой Абдуллаев ўзининг 2021 йилда босмадан чиққан “1001 салом ва янги саломлар” номли асарини ҳам таништириб ўтди. Муаллифнинг ушбу асарида ўзбек халқининг миллий урф-одатларидан келин салом ва унинг бир қанча турлари ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, китобдан ўрин олган келин саломларида айтиладиган туркумлардан намуналар ўқиб эшттирди.
Устоз-ижодкор Аҳмад Нафасов таниқли саломчи Турсунбой Абдуллаев ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзган “Саломчи – менинг унвоним” китоби, унинг яратилиш тарихи ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтди. Учрашув мактаб жамоаси ва ўқувчиларда илиқ таассурот қолдирди.
Ижодкорлар билан ўтказилган суҳбатдан ўқувчилардаги ижодга, китобхонликка бўлган қизиқиш янада оширди. Тадбирда мактабнинг 9-синф ўқувчиси Назокат Ражабова, 11-синф ўқувчиси Маҳлиё Шарипова, 10-синф ўқувчиси Марҳабо Тўрабоева каби мактабдаги ҳаваскор шоира қизлар ўзларини қизиқтирган саволларини беришди ва ижодкорларнинг шеърларидан намуналарни ёддан айтиб, даврага жўшқинлик бахш этишди.
Шундан сўнг, апрель – амалий фанлар фан ойлиги доирасида мактабнинг технология фани ўқитувчиси Лайло Нурмаматова 6-синфларда “Дўппи тикиш ва дўппиларга андоза олиш” мавзусида намунавий очиқ дарс ташкил қилди. Дарс давомида ўқувчиларга дўппиларнинг ўлчамини олиш, тикишда фойдаланиладиган иплар, ишлатиладиган чоклар, танланадиган матолар тўғрисида тушунчалар берилди. Амалий тарзда андоза олиш ва чок ишлатишлар кўрсатиб берилди.
Бошланғич синф ўқитувчиси Баҳор Арикова ҳам 1-синфда математика фанидан “Икки амалли масалалар” мавзусида намунавий дарс ташкил қилди. Дарслар замонавий услублардан, янги педагогик технологиялардан фойдаланилган ҳолда ўтилди. Ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб, ўзлаштирилган билимларни яна синовдан ўтказишди. Қизиқарли ўтилган мавзулар ўқувчиларга жуда манзур бўлди.
Шу куни “Фарзандимга китоб совға қиламан” акцияси доирасида китоблар кўчма дўкони ташриф буюрди. Кўчма дўкондаги турли мавзулардаги адабиётлар, шеърий ва насрий асарлардан иборат китоблардан ҳар ким қизиқишига қараб танлади. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўзлари ёқтирган китобларни харид қилишди.
Ижодкорлар билан ўтказилган суҳбат, қизиқарли ўтган очиқ ўқув машғулотлари, турфа китоблар тўла расталар, мақол ва шиорлар, турли эртак қаҳрамонлари расмлари туширилган баннерлар тадбир иштирокчиларга юқори, кўтаринки кайфият бахш этди. Тафсилотларга бой ўтган тадбирлар барчага бирдек манзур бўлди.
Шоира Ўразматова, 62-сонли мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶