Шермоновлар оиласи “Ватанпарвар оила” номинатцияси соҳиби бўлди
Оилаларни мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни тарғиб қилиш борасида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Маънавий-аҳлоқий муҳитни яхшилаш, фаровонлик даражасини ошириш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда дастуриламал бўлмоқда. Мазкур фармонга кўра, “2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси” тасдиқланган.
Унда хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар, жумладан, “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловини ўтказиш белгиланган.
Амударё туманининг Жумуртов шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Шермоновлар оиласи ҳам ушбу кўрик-танловда муносиб равишда иштирок этишди.
Дастлаб, маҳаллада сўнгра туман миқёсида ибратли оила сифатида эътироф этилиб, Қорақалпоғистон Республикасида “Ватанпарвар оила” номинатцияси соҳиби бўлган ушбу оила ҳақиқатдан ҳам туманимиздаги ёш оилаларга ҳар томонлама намуна бўлиб келмоқда.
Оила устуни Шерманов Баҳром 1973 йилда зиёли оилада дунёга келди. У ўрта мактабни 1990-йилда тугатиб, Қозоғистон Давлат Университетига ўқишга кирган. Мазкур Университетни 1996-йили тугатиб, “Жумуртов Фарфаред” тош майдалаш кони раҳбари лавозимида иш фаолиятини бошлади. 1998-йилда турмуш ўртоғи Нилуфар Саидова билан оила қуоишди. Ушбу оила 24 йилдан буён аҳил ва иноқ бўлиб тинч-тотувликда яшаб келишмоқда.
Баҳтли оиланинг 3 нафар қизи ва битта ўғли бор.
Тўнғич фарзанди Фарида Нукус давлат педагогика институтининг хорижий филология факулътетида 4-курс талабаси, иккинчи фарзанди Анора эса, Тошкент ахборот технологиялари университетининг 2-босқич талабаси, учинчи фарзанд Шоира ҳам катта опаси Фариданинг изидан эргашиб, хорижий тил факулътетига ўқишга кирди. Кенжа фарзанд Дилшодбек эса, 86-сонли умутаълим мактабининг 10-синфида таҳсил олади.
Жумуртов шаҳарча фуқаролар йиғини туман марказидан узоқда жойлашган бўлишига қарамасдан ота-она фарзандларининг уқиб билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашлари учун барча шароитларни яратиб беришган.
Оила боши Баҳром Шермонов 2016 йилдан буён Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати сифатида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли билан доимий ҳамкорлик қилиб, маҳалла ҳудудидаги кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолига ўз ёрдамини кўрсатиб келмоқда.
Депутат ўз фаолияти давомида сайлов округи ҳудудидаги 3 та мактабнинг таъмирланишида ўзининг моддий ёрдамини кўрсатиб, маҳалладошларининг юксак ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлди.
Аҳолидан келиб тушаётган турли мазмундаги мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга депутат сўрови билан мурожаат қилиб, кўплаб муаммоларнинг ҳал қилинишига эришди.
Турмуш ўртоғи Нилуфар Саидова ҳозирги кунда 43-сонли умумтаълим мактабда бошланғич синф ўқитувчиси. Ўз ҳамкасблари ва ўқувчилар орасида фидоий ва меҳрибон устоз сифатида танилган, мактаб жамоасининг доимий ҳурмат ва эътиборида бўлган аёл, ўқувчиларини ўз фарзандларидек кўради. Уларга таълим ва тарбия беришдан ҳеч ҳам чарчамайди.
Турмушнинг энг яхши ва ибратли удумлари, анъаналари, ҳаёт синовидан ўтган талаб ва тақозолари асосига қурилган ушбу оила ишонамизки, ҳали узоқ йиллар ёш оилаларга ибрат ва намуна бўлиб қолади.
Ниятимиз, ҳар бир оила маънавий соғлом, бахтли ва хотиржам ҳаёт кечирсин. Оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон сифатида вояга етиб, давлатимизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшаверсин.
Зеро, оила жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг мустаҳкам бўлиши, фаровонлиги давлатимиз ва жамиятимиз равнақига хизмат қилиши, шубҳасиздир.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶