“БИЗ ШЕЪРИЯТНИ СЕВАМИЗ” МАВЗУСИДА АДАБИЙ УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
Амударё туман ХТБга қарашли 40-сонли умумтаълим мактабида ижодкор ёшлар билан ишлашиш, алоҳида иқтидорга эга ўқувчиларнинг ижодини рағбатлантириш мақсадида турли байрам саналари муносабати билан шеърият кечалари, адабий-маърифий мавзулардаги давра суҳбатлари ташкиллаштириш ва бу каби тадбирларда ўқувчи-ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Ижодга мойил ўқувчилар билан ишлашишни бошланғич синфлардан бошлаб тўғри ташкил этишга қаратилаётган эътибор туфайли мактабнинг 2-, 3-,4-синфлар ўқувчилари орасида ўз ижодлари билан туман матбуоти саҳифаларида иштирок этаётган ижодкорлар талайгина. 15 май – Халқаро оила куни арафасида мактабнинг бошланғич синфлар ўқитувчилари Гулноза Ражабова ҳамда Дилрабо Ўрозбоевалар ҳамкорликда ташкил этган маънавий-маърифий тадбир ҳам бошланғич синф ўқувчиларининг ижодий-маданий қобилиятларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилди.
“Биз шеъриятни севамиз” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирда ўқувчилар Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, шоира Робия Йўлдошева ижодидан намуналар ўқидилар. Шоиранинг она Ватан, дўстлик, тинчлик, она ва мустақилликни мадҳ этувчи шеърларини ёддан ўқиган ўқувчилар Р.Йўлдошевага ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ саволлар беришди. Робия Йўлдошева ўқувчиларнинг саволларига жавоб бериш асносида ўзининг болалик, ўсмирлик йиллари ва ёшлик хотиралари, илк шеърлари чоп этилганидаги ёрқин таассуротлари ҳақида мароқли ҳикоя қилиб берди. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоираси Зулфияхоним билан бўлган тарихий учрашувлари, устози, адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддинов, халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ азиз хотираларини тилга олиб, М.Юсуф шеърларидан ўқиб берди.
Ўз навбатида ўқувчилар ҳам ўзлари ёзган шеърларидан ўқишиб, марш садолари остида рақслар ижро этишди.
Тадбир давомида ўқувчилар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти фидойиларининг матонат ва жасоратларини тилга олишиб, ота-боболаримизнинг жанговар хотиралари олдида ҳурмат ва эҳтиром тариқасида уруш ва фронт орти фахрийларини шарафловчи шеърлар айтишди.
“Биз шеъриятни севамиз” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда Робия Йўлдошева ўқувчиларга китоблар совға қилди ва ўзининг янги шеърларидан ўқиб берди.
Шеърхонлик, бири-биридан мароқли адабий суҳбатлар, мусиқий чиқишлар билан файзли ўтган тадбир ўқувчилар қалбида маънавиятга, миллий-маданий қадриятларга, шеъриятга меҳр ва ихлос туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Муяссар ХАЛИЛЛАЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶