ЮРТИМИЗДА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН БИЛАН КАФОЛАТЛАНАДИ
Ўзбекистон Республикаси “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги қонунга асосан бола, боланинг қонуний вакили, васийлик ва ҳомийлик, етим бола, жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган бола, ногирон бола тушунчалари мавжуд.
Бола – ўн саккиз ёшга тўлгунга, яъни вояга етгунга қадар бўлган шахс
боланинг қонуний вакиллари – ота-оналар, фарзандликка олувчилар, васийлар, ҳомийлардир. Васийлик ва ҳомийлик – ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларга таъминот, тарбия ҳамда таълим бериш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий вакили ҳисобланади. Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган, ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга нисбатан белгиланади.
Бола ҳуқуқларининг қонуний кафолатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир болага инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланади.
Никоҳда ва никоҳсиз туғилган болалар тенг ҳамда ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади. Давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради. Бола ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Боланинг яшаш ҳуқуқи кафолатлари- Яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқидир. Бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Давлат соғлом боланинг туғилиши ва ривожланишини таъминлаш учун шароит яратади.
Ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Бола қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турилиши, ҳибсга олиниши, қамоққа олиниши мумкин эмас. Давлат боланинг шахси, уй-жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этилишидан ҳимоя қилинишини амалга оширади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳам жамият ҳаётида иштирок этишда бошқа болалар билан тенг ҳуқуқларга эгадир. Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва улар оилаларининг жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш учун уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик шартлари асосида дастурлар ишлаб чиқиш ташаббускори бўлади ҳамда зарур ресурслар ажратади. Таълим, тиббиёт ва маданий-маърифий муассасалар ногирон болалар ҳамда жисмоний ва руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг эркин ҳаракатланишлари учун мослаштирилган бўлиши керак. Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни реабилитация қилиш тизимини шакллантириш ва ривожлантиришни ташкил этади ҳамда бунга кўмаклашади.
Ногиронлик белгиланган пайтдан бошлаб бола тегишли давлат органлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган якка тартибдаги реабилитация дастуридан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари шу ва бошқа қонунлар билан кафолатланиб, давлат томонидан ҳимоя қилинади. Чунки бугун вояга етаётган ёш авлод эртага юрт келажагини яратади.
С.Султанов,
туман Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти, 3-даражали юрист.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶